Янгиликлар
Республиканинг барча туман (шаҳар)ларида юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2021 йил 1 октябрдан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларининг ҳузурида юридик хизмат кўрсатиш марказлари республиканинг барча туман (шаҳар)ларида ташкил этилади.
1. Юридик хизмат кўрсатиш марказларининг асосий йўналишларига нималар киришини биласизми?
юридик хизмат кўрсатиладиган давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш;
– сифатли ва малакали юридик ёрдам кўрсатиш;
– ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш;
– мулкий ҳамда бошқа ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўз вақтида, ҳар томонлама ва самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш;
– қабул қилинаётган ҳужжатларнинг қонуний ҳамда ҳар томонлама пухта ва сифатли бўлишини таъминлаш.
2. “E-huquqshunos” электрон тизими бу нима?
2021 йил 1 октябрдан бошлаб давлат ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш билан боғлиқ барча маълумот ва жараёнларни тўлиқ электрон равишда йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ва амалга ошириш имконини берувчи “E-huquqshunos” электрон тизимини босқичма-босқич жорий этилади.
3. “E-huquqshunos” электрон тизими қуйидаги асосий имкониятларга эга!
– электрон тизимга ички буйруқ, шартномалар ва бошқа юридик тусдаги ҳужжатларнинг намуналарини киритиш ҳамда мавжуд ҳужжатлар лойиҳалари намуналаридан эркин фойдаланиш;
– электрон тизимдан фойдаланувчи ташкилотлар томонидан шахсий кабинетга кириш, ҳар қандай ҳужжат лойиҳаси ва унга таҳлилий материалларни тайёрлаш, қайта ишлаш ва хулоса олиш учун Марказларга юбориш;
– Марказларнинг масъул ходимлари томонидан, тегишли хулоса тайёрлаш, ҳужжатларни электрон рақамли имзо билан тасдиқлаган ҳолда, электрон тизимга бириктириш ҳамда ўзаро ҳужжат алмашиш;
– электрон тизимдан фойдаланувчи ташкилотлар томонидан Марказлардан ижобий хулоса олинганидан сўнг такрорланмайдиган махсус рақам бериш ва электрон тарзда қабул қилиш ҳамда ушбу ҳужжатларни автоматик тарзда изчил кетма-кетликда рақамлаш;
– давлат ташкилоти фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифларни тизимга бириктириш, уларни таҳрирлаш, таклифларни электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш ҳамда юбориш;
– тарғибот тадбирлари билан боғлиқ материалларни электрон тизим орқали алмашиш;
– давлат ташкилотларига талабнома, судларга ариза ёки даъво аризаларини киритиш учун уларнинг лойиҳаларини тайёрлаш, таҳрирлаш ва электрон рақамли имзо билан тасдиқлаб киритиш;
– юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларга нисбатан ўтказиладиган текширишларда масофавий тарзда иштирок этиш ҳамда уларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш;
– Марказлар томонидан юридик ва жисмоний шахслардан келган мурожаатларни ўрганиб чиқиш ва уларга асослантирилган жавоблар юборишда иштирок этиш.
4. Юридик хизмат кўрсатиш марказлари ўз фаолиятини қандай амалга оширади?
Марказлар томонидан давлат ташкилотларига юридик хизматлар “E-huquqshunos” электрон тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
5. Юридик хизмат кўрсатиш марказлари кимга бўйсунади?
Марказлар Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган таркибий бўлинма тарзида ташкил этилади ва уларга бўйсунади.
6. Юридик хизмат кўрсатиш маркази ходимлари суд процессида иштирок эта оладими?
Марказлар ходимларига суд процессида юридик хизмат кўрсатиладиган ташкилотларнинг вакили сифатида қатнашиш ҳуқуқи берилади.
7. Юридик хизмат кўрсатиш марказлари ходимлари қуйидаги имтиёзлар эга бўладилар!
– мақоми ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра тегишли равишда туман (шаҳар) адлия бўлимлари ходимларига тенглаштирилади;
– мартаба даражаларига эга бўлиши, кўп йиллик хизмат учун устамаларни олиш имкони;
– уч йил меҳнат стажига эга бўлган шахс лицензия олиш учун адвокат мақомига эга бўлишга талабгор шахс сифатида адвокатлик тузилмасида стажировкадан ўтмасдан малака имтиҳонида иштирок этади;
– нотариал идорада олти ой муддат стажировка ўтаб малака имтиҳонини топшириш ҳуқуқига эга бўлади.
8. Юридик хизмат кўрсатиш марказлари ходимлари ойлик иш ҳаққини қаердан олишади?
Марказлар ходимларининг ойлик иш ҳақи, шунингдек, Марказларнинг жорий харажатлари – маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан, Марказлар ходимларини моддий рағбатлантириш
ва ижтимоий ҳимоя қилиш харажатлари – бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.
9. Марказлар билан келишилмаган ҳолда қабул қилинган юридик тусдаги ҳужжатлар ҳақиқий эмас!
Марказлар томонидан юридик хизмат кўрсатилиши белгиланган ташкилотлар томонидан Марказлар билан келишилмаган ҳолда юридик тусдаги ҳужжатлар қабул қилинишига йўл қўйилмайди. Бундай ҳужжатлар юридик кучга эга эмас ҳамда у қабул қилинган пайтдан эътиборан ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди.
10. Юридик хизмат кўрсатиш марказлари пуллик асосда хам хизматлар кўрсатиш ҳуқуқига эга.
Марказларга ўзининг асосий фаолиятига таъсир кўрсатмаган
ва манфаатлар тўқнашувини йўлга қўймаган ҳолда бошқа юридик шахсларга пулли асосда юридик хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи берилади. Юридик шахсларга пуллик асосда юридик хизматлар кўрсатиш тартиби Адлия вазирлиги томонидан белгиланади ҳамда пулли хизматлардан келиб тушган маблағлар бюджетдан ташқари Адлия органлари
ва муассасаларини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.
11. Юридик хизмат кўрсатиш марказлари ходимлари ўртача қанча ойлик маоши олишади?
Марказ ходимларининг ўртача ойлик иш ҳаққи:
– Марказ бошлиғи – 5 млн 32 минг сўм (қўлига 4,3 млн сўм тегади);
– бош юрисконсульт – 4 млн 839 минг сўм (қўлига 4,1 млн тегади).
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси