Янгиликлар
ОММАВИЙ МАДАНИЯТ ТАҲДИДЛАР ИЧИДА ХАТАРЛИСИДИР
Абдулла Авлоний “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” рисоласини шундай бошлайди: “Инсонларни яхшиликка чақиргувчи, ёмонликдан қайтаргувчи бир илмдур. Яхши хулқларнинг яхшилигини, ёмон хулқларнинг ёмонлигини далил ва мисоллар ила баён қиладурғон китобни ахлоқ дейилур”.
Сирдарё вилоят давлат солиқ бошқармасида ўтказилган тарғибот тадбири одоб-ахлоқ, таълим-тарбияга, “Оммавий маданият”нинг салбий ҳолатларини олдини олиш масалаларига бағишланди.
Даставвал тадбирда сўз олган вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари С.Тоғаев одоб-ахлоқ қоидалари, кийиниш маданияти тўғрисида алоҳида тўхталди.
- Бугун инсон маънавияти ва одоб-ахлоқи ғарбдан кириб келаётган “оммавий маданият”нинг нишонига айланган десак, хато бўлмайди. Ушбу маънавий хуруж қурол воситасида амалга оширилмайди, бировнинг юртига ёки тинч яшаётган аҳоли устига бостириб борилмайди. Бу таҳдид кўпчилик кўз ўнгида рўй бермайди, юзаки қараганда, ўзгаларнинг тинчини, ҳузур-ҳаловатини ҳам бузмайди. Аксинча, “оммавий маданият” кўзга ташланмайдиган жуда нозик йўллар орқали ижтимоий ҳаётга суқилиб киради, у одамлар онгини ўзлари билмаган йўллар орқали заҳарлайди, - деди С.Тоғаев ўз маърузасида.
Шундан сўнг, сўнгги йилларда мамлакатимизда бу борада олиб борилаётган ишлар, қабул қилинган норматив ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти ва аҳамияти батафсил тушунтирилди.
Мулоқот давомида И.Норбеков раҳбарлигидаги Гулистон шаҳрининг маънавият-тарғибот гуруҳи вакиллари — Ш.Бектурдиев, Ғ.Амановлар мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Тадбир сўнггида иштирокчиларни қизиқтирган саволларига жавоблар берилди.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими