Янгиликлар
“Хотин-қизлар ҳуқуқлари – қонун ҳимоясида
“Хотин-қизлар ҳуқуқлари – қонун ҳимоясида. Сирдарё вилоят судида адлия бошқармаси ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамкорлигида ташкил қилинган семинар шундай номланди.
Тадбирда сўз олганлар “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиб, мазкур қонун хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишда катта аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
- Қонун билан хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишнинг устувор йўналишлари белгиланди.Хусусан, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчилар ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисидаги ариза билан тегишли ваколатли органларга ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш, махсус марказларда текин ҳуқуқий маслаҳат, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш, ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш ҳуқуқларига эга, - дейди адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Д.Умурзоқова ўз маърузасида.
Шунингдек, тадбирда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб қуваатлаш бўлими бош мутахассиси М.Мавлянова сўзга чиқиб, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли органлар ва уларнинг ваколатлари тўғрисида маълумот берди.
Мулоқот давомида профилактика суҳбатини ўтказиш, ҳимоя ордерини бериш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларни махсус марказларга жойлаштириш, зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш тартиблари тўғрисида ички ишлар бошқармаси масъул ходимларининг маърузаси тингланди.
Семинарнинг савол-жавоб қисми ушбу қонунни амалиётга татбиқ этиш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш механизмини кучайтириш борасидаги фикр-мулоҳазалар билан тўлдирилди.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими