Янгиликлар
Ширин шаҳар ҳокимлигида семинар ташкил қилинди
2021 йил 31 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг, “ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори, 2021 йил 8 июнда “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармони қабул қилинди.
Шунингдек, жорий йилнинг 22 июнь куни “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига “E-qaror” электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг Қарори қабул қилинди.
Мазкур қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан вилоят адлия бошқармаси, Сирдарё вилоят суди, Сирдарё вилоят маъмурий суди, шаҳар прокуратураси ходимларидан иборат таркибда тарғибот гуруҳи томонидан Ширин шаҳар ҳокимлигида семинар ташкил этилди. Тадбирда адлия бошқармаси масъул ходими Акбар Аҳроров, туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Бекзод Ғайбуллаев янги қабул қилинган ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳақида кенг маълумот берди.
Семинарда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини таъминлаш, ер участкаларини хусусий секторга, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ажратилиши тартиби, шунингдек, маҳаллийдавлат ҳокимияти органлари фаолиятига “E-qaror” электрон тизимини жорийэтишнинг афзалликлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди .
Тадбирда Боёвут туманлараро иқтисодий суди раиси Ўткир Йўлдошев, Фуқаролик ишлари бўйича Боёвут туманлараро суди судьяси Ўктам Хуррамов, Гулистон туманлараро маъмурий суди судьяси Алиакбар Бўриев мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида ўз фикр мулоҳазаларини билдирди.
Мулоқот қизғин-баҳс мунозарага бой бўлиб, иштирокчилар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича тушунтиришлар берилди.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими