Янгиликлар
Оқолтин туман ҳокимлигида адлия бошқармаси, прокуратура ва судлар ҳамкорлигида семинар ташкил қилинди
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикасида ер муносабатларини тартибга солиш, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини назорат қилишнинг мутлақо янги тизими “Ijro.gov.uz” ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига “E-qaror” тизимини жорий этиш юзасидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида туман-шаҳар ҳокимликларида семинарлар ташкил этилмоқда. Навбатдаги семинар Оқолтин туман ҳокимлигида бўлиб ўтди.
Тадбирда мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш зарурати ва мақсади ҳақида батафсил сўз юритилди.
- Давлатимиз раҳбарининг ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган Фармони умуммиллий бойлигимиз бўлган ерга оид янгича муносабатлар қарор топишига йўл очади,- деди адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Шайжигитов ўз маърузасида. Барча соҳаларда бўлгани каби шаффофлик, очиқлик тамойиллари асосида янги тартиб бўйича эндиликда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар фақат ижара ҳуқуқи асосида очиқ электрон танлов якунларига кўра ажратилади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар эса, электрон онлайн аукцион орқали мулк ва ижара ҳуқуқи асосида берилади. Натижада, ерлар берилишида инсон омили чекланиб, манфаатлар тўқнашувига барҳам берилади.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идораларароягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори, “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига“E-qaror” электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори мазмун-моҳияти тўғрисида ҳам кенг маълумотлар берилди.
Семинарда Сирдарё вилоят суди судьяси Ҳ.Мамарасулов, Сирдарё вилоят суди судьяси Л.Шербекова, Сирдарё вилоят маъмурий суди судьяси С.Рустамов мазкур норматив ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти юзасидан ўз маърузалари билан иштирок этишди.
Тадбир сўнггида иштирокчиларни қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар берилди.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими