Янгиликлар
Вояга етмаган фарзандлари учун боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланиши фуқарони ишсиз деб эътироф этилишига тўсқинлик қилмайди
Янгиер шаҳар “Обод юрт” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Н. Сергиенко ишсизлик нафақасини тўлаш тугатилганлигидан норози бўлиб Сирдарё вилоят адлия бошқармасининг “Ишонч телефони”га мурожаат қилди.
Аниқланишича, фуқаро Н.Сергиенкога вояга етмаган фарзандлари учун боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланиши муносабати билан Янгиер шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан тўланиб келинаётган ишсизлик нафақасини тўлаш тугатилган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуни 19-моддасига кўра, вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда фарзандларга пенсия улар боқувчининг қарамоғида турган-турмаганидан қатъи назар тайинланади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонуннинг 55-моддаси тўққизинчи қисмида ишсиз шахс қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўлганда (пенсия туридан қатъи назар) ишсизлик нафақасини тўлаш тугатилади, деб белгиланган.
Бироқ, фуқаро Н.Сергиенконинг ўзи учун ногиронлик, ёшга доир ёки боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақаси тайинланмаган бўлсада, унга нисбатан Янгиер шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ишсизлик нафақасини тўлаш тугатилган.
Ўрганишлар натижасида адлия бошқармаси томонидан Сирдарё вилоят Бандлик бош бошқармасига аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида уларга такроран йўл қўймаслик тўғрисида тақдимнома киритилиб, Сергиенконинг ишсизлик нафақаси қайта тиклаб берилди.
Шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузганларга нисбатан жазо чоралари қўлланилди.
Тимур Каримов,
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя ҳимоя бўлими бош маслаҳатчиси