Янгиликлар
Ҳуқуқий тарғибот кенг қамров касб этди
Бугун барча соҳаларга босқичма-босқич ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши демократик ислоҳотларнинг инъикоси бўлиб, бу ўзгаришлар албатта қонунчилик ҳужжатларида ўз аксини топади.
Хусусан, 2021 йил 31 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг, “ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинган бўлса, ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш мақсадида 2021 йил 8 июнда “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармони қабул қилинди.
Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлар қабул қилиш жараёнлари шаффофлигини таъминлаш юзасидан жорий йилнинг 22 июнь куни “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига “E-qaror” электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг Қарори қабул қилинди.Мазкур қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳияти юзасидан вилоят адлия бошқармаси, Сирдарё вилоят суди, Сирдарё вилоят маъмурий суди, шаҳар прокуратураси ходимларидан иборат таркибда тарғибот гуруҳи томонидан Гулистон шаҳар ҳокимлигида семинар ташкил этилди. Тадбирда адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Даврон Бурхонов янги қабул қилинган ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳақида кенг маълумот берди.
Семинарда тарғибот гуруҳи аъзолари қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини таъминлаш, ер участкаларини хусусий секторга, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ажратилиши тартиби, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига “E-qaror” электрон тизимини жорий этишнинг афзалликлари борасида батафсил маълумот бердилар.
Тадбирда соҳа вакиллари томонидан қонунчилик ҳужжатлари слайдлар ёрдамида тушунтирилиб, мавзуга доир тарғибот материаллари – флаер ва буклетлар тарқатилди.Мулоқот қизғин-баҳс мунозарага бой бўлиб, иштирокчилар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича тушунтиришлар берилди.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими.