Янгиликлар
ЖУРНАЛИСТЛАРГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ
Мамлакатимизда демократик тамойилларни қарор топтириш, фуқароларимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, дунёда ва мамлакатимизда содир бўлаётган ҳар қандай жараёнлар, воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ва ҳаққоний маълумотларни етказишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс.
Зеро, муҳтарам юртбошимиз таъбири билан айтганда, "Оммавий ахборот воситалари вакилларидан нафақат профессионал билим ва малака, ҳаётий тажриба, ўз сўзи учун масъулият ҳисси, айни вақтда юксак фуқаролик позицияси, маънавий жасорат ҳам талаб этилади".
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан жойларда ташкил этилаётган тадбирларда соҳа ходимларининг фаолияти алоҳида эътироф этилмоқда.
Бугун Сирдарё вилоят адлия бошқармасига вилоятимизда фаолият юритаётган шарафли касб эгалари – босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф қилинди.
Сана муносабати билан бир гуруҳ соҳа ходимларига адлия бошқармасининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Дилноз Умурзоқова,
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи