Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

21

Ижро интизоми – ислоҳотлар гарови


  Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар юзасидан қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни қабул қилиш ҳамда уларни хаётга тадбиқ қилишда сон босқичидан сифат босқичига ўтилаётгани, бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар жамиятни қонунларга эмас, қонунларни жамиятга яқинлаштириш тамойили асосида олиб борилаётгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлари ижроси устидан назоратни ташкил қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 августдаги “Ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ф–5017-сон фармойиши билан идоралараро ягона электрон тизим – “Ijro.gov.uz” ташкил қилинган эди.

Ўтган давр мобайнида ушбу идоралараро ягона электрон тизими фаолияти самарадорлигини ошириш, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан ижро этилиши назоратини такомиллаштириш эҳтиёжи юзага келди.

Шу муносабат билан қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар бажарилишининг таъсирчан тизимини яратишда “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими ўрнини мустаҳкамлаш, унинг аҳамиятини янада ошириш, самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш ҳамда ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича ягона ва узлуксиз “технологик занжир”ни ташкил қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 31 майда “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–5132-сон қарори қабул қилинди.

Қарор билан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини таъминлашда етти босқичдан иборат тартиб жорий қилинган бўлиб, булар:

 биринчи босқич – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни “Ijro.gov.uz”га киритиш учун Адлия вазирлигига юборади;

иккинчи босқич – Адлия вазирлиги назоратга олинадиган топшириқларни электрон тизимга киритади, мазкур топшириқлардан келиб чиққан ҳолда масъул ижрочилар ва бажариш муддатларини белгилайди;

учинчи босқич – давлат органлари ва ташкилотлари, ҳокимликлар, хўжалик бирлашмалари қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлайди ва электрон тизимга маълумотларни киритади;

тўртинчи босқич – Адлия вазирлиги маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, тасдиқлайди ёки масъул ижрочига қайта ишлашга жўнатади;

бешинчи босқич – Вазирлар Маҳкамаси маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, уларни тасдиқлайди ёки масъул ижрочига қайта ишлашга жўнатади, ҳар ойда Раёсат мажлисларида ижро натижадорлигини танқидий кўриб чиқади ва Президент Администрациясига маълумот киритади;

олтинчи босқич – Ҳисоб палатаси ижрочилар томонидан киритилиб, Адлия вазирлиги ва Ҳукумат томонидан текширилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, уларни назоратдан ечади ёки масъул ижрочига қайта ишлашга жўнатади;

еттинчи босқич – Президент Администрацияси қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини назорат қилувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиради.

Ушбу ўрнатилган тартиб босқичларнинг таъбир жоиз бўлса ғалвири сабаб, қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларининг сифатли ва ўз вақтида ижросини таъминланишига хизмат қилади.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, ушбу қарор билан ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича ягона ва узлуксиз “технологик занжир”ни ташкил қилиш борасидаги устувор йўналишлар белгилаб берилди:

- қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар лойиҳаларини ҳар томонлама пухта ҳамда юксак профессионал даражада тайёрлаш;

- бошқарув тизимини, замонавий Ўзбекистонни ривожлантиришнинг янги босқичини, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани, шунингдек, республика ҳудудларини мақсадли ҳамда устувор вазифаларга мувофиқ такомиллаштириш;

- қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини самарали ва режали ташкил қилиш, уларнинг бажарилиш ҳолатини мақсадли ўрганиш ва аниқланган камчиликлар бўйича тезкор чоралар кўриш;

- қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлардаги назорат бандларида аниқ механизмлар, муддатлар ва масъуллар белгиланиши бўйича “йўл хариталари”ни (ҳаракат режаларини) ўз вақтида ишлаб чиқиш;

- давлат органлари ва ташкилотларининг ижро интизомига масъул бўлинмаларининг ижро интизомини мустаҳкамлашдаги ролини ошириш;

- ташкилий, ижро ва назорат фаолияти ягона тизимининг натижадорлиги учун давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини белгилаш.

Маълумки, қабул қилинаётган айрим қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларда ҳолатдан келиб чиқиб муддат кўрсатилмайди. Ушбу қарор билан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларда ижро муддати белгиланмаган ёки ижро муддати бир йил ва ундан ортиқ этиб белгиланган топшириқлар бандларининг бажарилиши бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумот ҳар олти ойда масъул ижрочилар томонидан “Ijro.gov.uz” тизимига киритиб бориши белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқларида белгиланган ижро муддатлари фақатгина Адлия вазирлиги ва, зарур ҳолларда, Вазирлар Маҳкамаси томонидан кўриб чиқилиб, Ҳисоб палатаси хулосаси олинган таклифлар асосида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти рухсати билан узайтирилиши мумкин.

Шунингдек, ушбу қарор билан “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими орқали қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ижросини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланди.

Қарор ва у билан тасдиқланган низомга кўра, эндиликда давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмаларининг қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширган ҳаракатлари (ўз вақтида бажарилган топшириқлар, кечиктириб бажарилган топшириқлар, бажарилмаган топшириқлар) Адлия вазирлиги томонидан баҳолаб борилади ҳамда бунинг натижасидаги рейтинг кўрсаткичлари кенг жамоатчилик эътиборига тақдим қилинади.

Ўрнатилган баҳолаш тизими ва унинг меъёрлари қарор билан тасдиқланган низомда батафсил баён қилинган бўлиб, ушбу баҳолаш тартиби натижасида соҳада юзага келаётган муаммолар ва уларнинг сабабларини ҳамда ижрога масъул шахсларнинг иш фаолиятини ташкил қилиниш ҳолатини кўрсатиб беради.

 А.Ахроров,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини

назорат қилиш бўлими бош маслаҳатчиси