Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

17

Фуқаро 32 йил деганда ўз уйининг қонуний эгаси бўлди


Уй-жойга эга бўлишнинг қонуний тартиблари мавжуд. Бироқ, кўплаб фуқаролар ушбу талаблардан бехабар ёки уй-жойни расмийлаштириш учун зарур ҳужжатлари мавжуд эмас. Бу ҳолат, афсуски, муаммо устига муаммо келиб чиқишига, хусусан, ҳақиқатда яшаб турган жойга рўйхатга олиниши, мулкка эгалик қилишига монелик қилади.  

Фуқаро Барно Хўжамуродова 60 ёшда.  Тўрт нафар фарзанди аллақачон уйли-жойли бўлиб кетишган. Аммо йиллар давомида унга бир ўй тинчлик бермасди. “Мен ўз уйимнинг қонуний эгаси бўла оламанми?”

- Мирзаобод тумани “Оқолтин” МФЙ “Пахтакор” кўчаси 6-уйда ўттиз икки йилдан буён яшаб келмоқдаман, бироқ ушбу хонадонга нисбатан эгалик қилиш ҳуқуқига эга эмасман. Тегишли ҳужжатлар йўқлиги сабабли уйни ўз номимга расмийлаштиролмай юрган эдим. Ушбу масалада бир неча ташкилот, бир неча идораларнинг “эшигини тақиллатдим”, фойдаси бўлмади. Хафсалам пир бўлди, - дейди Б.Хўжаназарова. – Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай газетада бир мақолага кўзим тушди. Мен каби муаммога дуч келган фуқаронинг мурожаати адлия органлари томонидан ижобий ҳал қилинган экан. Юрагимда умид учқуни пайдо бўлди. “бу сафар ҳаммаси яхши бўлади” деган илинж билан Сирдарё вилоят адлия бошқармасига келдим, уй-жойга нисбатан эгалик қилиш ҳуқуқини тан олинишида амалий ёрдам беришларини сўраб мурожаат қилдим.

Мазкур мурожаат адлия бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди. Ўрганиш давомида Б.Хўжамуродова ушбу хонадонда 1989 йилдан буён яшаётганлиги, коммунал ва солиқ тўловларини ўз вақтида тўлаб келаётганлиги, хонадондан ошкора, узлуксиз фойдаланиб, шу давр мобайнида уй-жой бўйича ҳеч қандай низо чиқмаганлиги, бу уйни 1989 йилда турмуш ўртоғи Ҳ.Хўжамуродов фуқаро Мақсуда Алиевадан сотиб олганлиги маълум бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 187-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1999 йил 24 сентябрдаги “Фуқаролик кодексини татбиқ қилишда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида”ги 16-сонли қарорининг 11 ва 12-бандларига асосан “Мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олиши белгиланган.

Шунингдек, Б.Хўжамуродова 1989 йилдан буён ушбу хонадонда ўзи ва оила аъзолари билан яшаб келаётганли Мирзаобод туман “Оқолтин” МФЙ томонидан тузилган далолатномадада ўз исботини топди.

Ўрганишлар натижасида фуқаро Б.Хўжамуродованинг манфаатида Сирдарё вилоят адлия бошқармаси томонидан Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судига ариза киритилди.

Мазкур иш Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро суди томонидан сайёр суд тартибида кўриб чиқилиб, Сирдарё вилоят адлия бошқармасиниг фуқаро Б.Хўжамуродова манфаатида киритган аризаси тўлиқ қаноатлантирилди.

Энди ҳавотирга сира ўрин йўқ. Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан фуқаро Б.Хўжамуродованинг хонадонга эгалик қилиш ҳуқуқи белгиланди, адлия аралашуви билан уй-жой ҳужжатлари қонуний расмийлаштирилди. Йиллар давомида ечими кутилган муаммо ижобий ҳал қилинди.

Тимур Каримов,

Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бош маслаҳатчиси