Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

14

Сирдарёда эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган 95 та норматив тусдаги қарорлар бекор қилинди


Мамлакатда сўнгги уч йилда амалга оширилган ислоҳотлар институционал-ҳуқуқий базани янгилашни, амалга оширилаётган чуқур ўзгаришларни инобатга олган ҳолда эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган нормаларни бекор қилишни тақозо этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги “Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ 6075-сонли Фармони ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни бартараф этиш, энг аввало тадбиркорлик фаолиятига нисбатан тартибга солиш юкини камайтириш, норматив-ҳуқуқий базанинг тизимлилигини ва комплекслилигини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Мазкур Фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан Сирдарё вилоятида адлия бошқармаси томонидан ушбу йўналишда хатлов ўтказилиб, бугунги кунда вилоятда 95 та ҳужжат ўз аҳамиятини йўқотган деб топилди.

Бу ҳақда Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашнинг 2021 йил 28 майдаги “Сирдарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, унга мувофиқ 95 та қонун ҳужжатлари ўз аҳамиятини йўқотган деб ҳисобланди.  

  • Эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган, ҳаддан ташқари тартибга солиш юкини, бюрократик тўсиқ ва ғовлар ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётида коллизияларни келтириб чиқараётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни кескин камайтириш бугунги кун талаби, хатлов жараёнларида ҳужжатларнинг долзарблиги ва давр талабига мослигига алоҳида эътибор қаратилди, - дейди Ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бош маслаҳатчиси Ҳайитбой Сайитов.

Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими