Янгиликлар
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
САВОЛ: Қайси ҳолатларда фуқаролар ердан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун жавобгар ҳисобланади?
Г.Акбаров, Гулистон шаҳри
ЖАВОБ: Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан амалга оширилган ер участкалари олди-сотдиси, уларни ҳадя қилиш, гаровга қўйиш, ер участкаларини ўзбошимчалик билан айирбошлаш ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Бундай битимларни амалга оширишда айбдор шахслар қонунга биноан жавобгар бўладилар.
Қуйидаги ҳолатларда ҳам айбдор шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади:
- ерлардан белгиланган мақсадда фойдаланилмаганда;
- ер участкалари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганда;
- қишлоқ хўжалиги ерлари ва бошқа ерлар яроқсиз ҳолга келтирилганда, улар кимёвий ва радиоактив моддалар, ишлаб чиқариш чиқиндилари ва оқава сувлари билан ифлослантирилганда;
- ерларнинг ҳолатига салбий таъсир кўрсатадиган объектлар жойлаштирилганда, қурилганда, лойиҳалаштирилганда, фойдаланишга топширилганда;
- ерлардан фойдаланишнинг табиатни муҳофаза қилишга оид талаблари бажарилмаганда;
- вақтинча эгаллаб турилган ерларни қайтариш муддати бузилганда ёки ерларни белгиланган мақсадда фойдаланишга яроқли ҳолатга келтиришга оид мажбуриятлар бажарилмаганда;
- ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачиларга ва мулкдорларга қарашли ер участкаларининг марза белгилари йўқ қилинганида;
- Давлат ер кадастри маълумотлари бузиб кўрсатилганда;
- ўзбошимчалик билан пичан ўрилганда ва чорва моллари боқилганида;
- ёввойи ўтлар ва зараркунандаларга қарши кураш чоралари кўрилмаганда;
- ерлардан хўжасизларча фойдаланилиб, ерларнинг ҳолатини яхшилаш ҳамда тупроқни сув ва шамол эрозиясидан ва тупроқ ҳолатининг ёмонлашувига олиб келадиган бошқа жараёнлардан сақлаш мажбуриятлари бажарилмаганида;
- шунингдек, ер участкалари бериш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқишнинг белгиланган муддатлари ва тартиби бузилганида айбдор шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Саволга Гулистон шаҳар адлия бўлими бошлиғи Назар Қаршибоев жавоб берди