Янгиликлар
Ходимлар туман адлия бўлимидан нега нажот истади?
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида ҳар бир шахс бевосида ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги, аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шартлиги белгилаб қўйилган. Дарҳақиқат, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ётади. Шу боис фуқаролардан келиб тушаётган ҳеч бир мурожаат эътиборимиздан четда қолмайди.
Оқолтин туман адлия бўлими томонидан амалдаги қонунлар доирасида ҳар бир мурожаат кўриб чиқилмоқда. Фикримизни "Таъмирлаш тиклаш хизмати" ДУК Сирдарё вилояти Оқолтин туман филиали ходимларидан келиб тушган мурожаат мисолида давом эттирсак. Хўш, ходимлар туман адлия бўлимидан нега нажот истади?
Фуқаролар И.Қўчқорова, С.Асадов, А.Қўқонов ҳамда О.Ҳамрабаев "Таъмирлаш тиклаш хизмати" ДУК Сирдарё вилояти Оқолтин туман филиалида фаолият олиб боради. Иддао шундаки, корхона томонидан уларнинг 2019-2021 йиллардаги давр учун иш ҳақлари тўлиқ тўлаб берилмаган. Бу эса ходимларнинг ҳақли эътирозига ва туман адлия бўлимига мурожаат қилишига сабаб бўлди.
Мазкур мурожаат ўрганилганда, ҳолат ўз тасдиғини топди. Ҳақиқатдан ҳам корхона томонидан И.Қўчқоровага 11850 047 сўм, С.Асадовга 4454709 сўм, А.Қўқоновга 9 072 491 сўм ва О.Ҳамрабаевга 27 959 465 сўм иш хақлари ўз вактида тўлаб берилмаган. Оқолтин туман адлия бўлими томонидан ишчи ходимлар манфаати йўлида Фукаролик ишлари бўйича Оқолтин туманлараро судига ушбу маблағларни ундириб бериш тўғрисида ариза киритилди. Адлия аралашуви билан 2021 йил 28 майда ишчи ходимларнинг иш хақларини ундириш юзасидан суд буйруқлари чиқарилди.
Турсунбой Каримов,
Оқолтин туман адлия бўлими бошлиғи