Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

09

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...


Савол: Турмуш ўртоғим мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи бўлиб ишлайди. У ҳомиладор. Ҳозирда ҳомиладорликнинг 26 ҳафтаси. Турмуш ўртоғим соғлом, ўзини яхши ҳис қилаяпти. Ҳали ишлаш нияти бор. Бироқ ташкилот раҳбари ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқишни талаб қилаяпти, бу талаб қонунийми?

 А. Фатҳуллаев, Гулистон тумани


Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 233-моддасига мувофиқ аёлларга туққунга қадар етмиш календарь кун ва туққанидан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда — етмиш календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланиши белгиланган.

Шунингдек, Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (рўйхат рақами 2667, 17.04.2015 й.) 27-бандига мувофиқ ҳомиладорлик ва туғиш бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ҳомиладорликнинг ўттизинчи ҳафтасидан бошлаб ҳудудий амбулатор-поликлиникаларнинг, акушер-гинеколог (умумий амалиёт шифокори) томонидан бош шифокор ўринбосари билан биргаликда бир йўла бир юз йигирма олти календарь кунига берилиши назарда тутиб ўтилган.

Ушбу йўриқноманинг 28-бандига мувофиқ ҳомиладорликнинг ўттизинчи ҳафтасидан кейин мурожаат қилинганда туғишга қадар неча кун қолганидан қатъи назар, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси мурожаат қилган кундан тўлиқ бир юз йигирма олти календарь кунига берилади.

Юқоридагиларга кўра, таътилга чиқиш ходимнинг ҳуқуқи бўлса, иш берувчининг мажбурияти ҳисобланади. Агар иш берувчи бу мажбуриятини бажармаса, унга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20-моддасига биноан фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт.

Юқоридагиларга асосан, раҳбарнинг талаби тўғри, Сизнинг турмуш ўртоғингиз белгиланган муддатда ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқиши лозим.

Саволга Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Нодавлат нотижорат ташкилотлари бўлими катта маслаҳатчиси Жавоҳир Сайимов жавоб берди.