Янгиликлар
07
Ховос туманидаги олис ҳудудлардан бири - “Шарқобод” маҳалласида сайёр қабул ўтказилди
Сирдарё вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари С.Тоғаевнинг Ховос туманидаги олис ҳудудлардан бири - “Шарқобод” маҳалласида ўтказган сайёр қабули 3-умумтаълим мактабида ташкил этилганлиги айни муддао бўлди. Сайёр қабул давомида нафақат шарқободлик фуқаролар, балки таълим даргоҳида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ҳам арзлари, илтимос ва таклифлари тингланди.
Бир гуруҳ фуқаролар маҳаллада ичимлик суви муаммолигича қолаётганлигини, бу борада тегишли ташкилотларга бир неча маротаба мурожаат қилинган бўлсада, натижа бўлмаётганлигини маълум қилишди. Мактаб ўқитувчиларини ҳам айни шу муаммо қийнаб келмоқда. Бироқ, умумтаълим мактабининг атрофи девор билан ўралмаганлиги ўта жиддий масала эканлиги айтилди. Боиси, мактаб чегара ҳудудида жойлашган, ҳам хавфсизлик нуқтаи назардан, ҳам ўқувчиларни назорат қилиш учун уларга ҳуқуқий ва амалий кўмак зарур.
Сайёр қабулда фуқаро Т.Бойзоқов “Ўқитувчилар тиббий кўрикдан ўтиш учун пул тўлайдими?” деган саволни ўртага ташлади. Шунингдек, фуқаро А.Раҳматовнинг хонадонига ўрнатилган газ ҳисоблагич эскирганлиги туфайли унга нисбатан 3 млн. cўм миқдорида жарима қўлланилганлиги, шу боис ушбу ҳолатнинг қонунийлигини ўрганиб бериш юзасидан, фуқаро А.Ботировнинг маҳалла ҳудудида газга уланишдаги муаммоларни бартараф қилишда ёрдам бериш ҳақидаги, фуқаро О.Собуровнинг 3-умумтаълим мактабидаги ўқувчиларнинг аксарияти “Исломобод” қишлоғидан қатнаб ўқишлари, оралиқ масофа камида 4 километрни ташкил этиши туфайли, ушбу йўналишга автобус қўйилишида амалий ёрдам кўрсатиш бўйича, фуқаро Ш.Фозиловнинг сув тармоғига уланиш масаласини ҳал этишда ёрдам кўрсатилишини сўраб қилган мурожаатлари вилоят адлия бошқармаси томонидан алоҳида назоратга олиниб, масалани тегишли идоралар билан ҳал қилиш чораларини кўриш белгилаб олинди.
Бундан ташқари, сайёр қабул жараёнида туман ҳудудидаги “Халқобод” маҳалласида яшовчи 15 га яқин фуқароларнинг турли мазмундаги мурожаатлари ҳам қабул қилиниб, уларнинг 7 тасига жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилган бўлса, 5 та мурожаатлар белгиланган тартибда кирим қилиниб, уларнинг кўриб чиқилиши алоҳида назоратга олинди.
Сайёр қабул ҳуқуқий тарғибот тадбири сифатида ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. Учрашув давомида меҳнат қонунчилиги, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган "Фермерга мадад" ҳуқуқий акциясининг мақсади ва аҳамияти ҳақида ҳам сўз юритилиб, фермерларнинг ҳуқуқлари, уларга берилган имтиёзлар тўғрисида кенг маълумотлар берилди.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими