Янгиликлар
Сайёр қабул давомида аҳоли муаммолари ўрганилди
Сирдарё вилоят Адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Шайжигитов томонидан Сирдарё тумани “Бахмал” МФЙда ўтказилган сайёр қабули ҳудуд аҳолисининг бир қатор муаммоларига ҳуқуқий ечим топиш имконини берди.
Фуқаро С.Ҳазратқулов “Ҳосилдор” кўчасида истиқомат қилади. У яқинда кўзини операция қилдирганлиги сабабли ногиронлик нафақасига чиқмоқчи. Фуқаронинг ушбу мурожаати тингланиб, ногиронликка чиқиш тартиби тўғрисида батафсил ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Қ.Умаров хусусий мактабгача таълим ташкилоти очишда амалий ёрдам сўради. О.Умматовнинг муаммоси уйини кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш билан боғлиқ бўлди. Т.Араловни эса ишсизлик муаммоси қийнамоқда.
Сайёр қабул давомида фуқаролардан 15 га яқин масалалар ечими юзасидан мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг 8 тасига жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилган бўлса, 7 та мурожаатлар белгиланган тартибда кирим қилиниб, уларнинг кўриб чиқилиши алоҳида назоратга олинди.
Бу борадаги ишлар Сирдарё вилояти адлия бошқармаси рахбарияти томонидан маҳаллаларда давом эттирилмоқда.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими