Янгиликлар
01
БАХТЛИ БОЛАЛИК ҚОНУН ҲИМОЯСИДА
Дунёда бола кулгиси-ю шўх-шодон қийқириғидан-да беғубор нарса бўлмаса керак. Бийрон тилда тинмай савол бериб, мурғак қалби билан оламдаги жамики ажойиботларни ўргатишга, мушоҳада қилишга уринаётган болакайнинг нурли юзига боққан ҳар қандай инсон ҳаёт ташвишларини унутади. Зотан, фарзандининг саодати ва бахтиёр дамларини кўриб яшаш ҳар бир инсон умрининг асосий мазмунидир.
Бугун 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни. Бутун дунё бўйлаб нишонланаётган ушбу байрам ҳаётимиз мазмуни бўлган азиз болажонлар, суюкли фарзандларимизнинг улуғ айёми сифатида алоҳида маъно-мазмун касб этади. Сана муносабати Сирдарё вилояти адлия бошқармаси томонидан “Бахтли болалик – қонун ҳимоясида” шиори остида Гулистон шаҳридаги 15-сон давлат ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида байрам тадбири ташкил қилинди.
Байрамона безатилган ҳовли, турли эртак қаҳрамонлари, нафис мусиқа садоси... Эрта тонгдан даргоҳга кириб келган болажонларни бугун ана шундай ўзгача сеҳрли олам ўз бағрига олди.
- Болаларни ҳимоя қилиш куни байрамининг мақсади кенг жамоатчилик диққатини муаммоли болаларга, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, ҳимояланган дунёда яшаш имкониятларига, бахтли болаликка эга бўлишларига ва ўз мамлакатининг тўла-тўкис ва хотиржам фуқароси бўлиб ўсишларига қаратишдир, - дейди адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сафарбой Тоғаев.
- Мактабгача таълим ташкилотимизда бугунги кунда 71 нафар имконияти чекланган болажонлар тарбияланади. Ташкилотимизда имконияти чекланган болаларни ўқитиш, тарбиялаш, коррекциялаш ва ижтимоий мослаштириш учун барча шарт-шароитлар мавжуд, мақсадимиз ҳар томонлама ривожланган шахсни шакллантириш, болаларнинг қобилиятларини очиб бериш, ўрганишга интилишни кучайтиришдан иборат, дейди дефектолог Дилфуза Туратова.
Байрам тадбири қизиқарли шартлар, болажонлар томонидан айтилган шеър ва қўшиқлар, мусиқий чиқишлар билан янада файзли бўлди.
Шу куни Адлия бошқармаси томонидан болажонларга алоҳида эътибор қаратилди, уларга совғалар улашилди.
Дилноз Умурзоқова,
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи