Янгиликлар
ННТни қайта рўйхатдан ўтказиш муддати қисқартирилади
Маълумки, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришнинг асосий йўналиши сифатида белгиланган.
Бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий салоҳиятини ошириш йўлида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирокчи ва ҳамкор сифатида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ҳамда уларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2021 йил 3 мартда муҳтарам Президентимизнинг “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5012-сон Қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2021 йил 1 мартдан нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилган (маълумот учун) ҳолда хорижий манбалардан олинадиган пул маблағлари ва мол-мулкнинг бир календарь йилидаги жами суммаси БҲМнинг 20 бараваридан 100 бараваригача оширилиши белгиланди.
Бундан ташқари, Қарор талаблари асосида нодавлат нотижорат ташкилотини қайта рўйхатдан ҳамда унинг рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати 1 ойдан 15 кунгача қисқартирилиши, ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, нуронийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш учун давлат божи ундирилмаслиги кўзда тутилмоқда.
Қарорга кўра, Нодавлат нотижорат ташкилотининг алоҳида бўлинмаси юридик шахс ҳисобланиши, бунда алоҳида бўлинмаларни ҳисобга қўйиш тартиби бекор қилиниши белгиланди.
Шунингдек, мазкур Қарорга асосан фаолиятини вилоят, туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган ННТ ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳисобланиб, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун БҲМнинг 50 фоизи миқдорида давлат божи ундирилиши белгилаб қўйилмоқда.
Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини янада ривожлантириш, қолаверса, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари сонининг ошишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
С.Тоғаев
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари