Янгиликлар
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
Савол: Ассалому алайкум. Ногирон бўлганлигим сабабли, жойига чиқиб, тегишли давлат ташкилотига ариза билан мурожаат қилиш имконим йўқ. Электрон шаклда, яъни телефон орқали тегишли давлат ташкилотининг электрон почтасига мурожаат қилсам мурожаатим рўйхатга олинадими? Мурожаатим давлат ташкилоти томонидан рўйхатга олинмаса, бунда қонунчиликда қандай жавобгарлик белгиланган?
Р. Каримова, Сайхунобод тумани
Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 11 сентябрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг 5-моддасига кўра мурожаатлар оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда бўлиши мумкин. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар мурожаатларнинг турлари ҳисобланади.
Мурожаатлар, уларнинг шакли ва туридан қатъи назар, бир хил аҳамиятга эга бўлади. Мазкур Қонуннинг 28-моддасига кўра, ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.
Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари тегишли давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.
Таклиф давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно бўлиб, бу ҳақда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахсга ўн кунлик муддатда ёзма шаклда хабар қилинади.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик учун, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 43-моддасига асосан, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 144-моддасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш учун жавобгарлик белгиланган бўлиб унга кўра, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик ёки мурожаат муносабати билан маълум бўлиб қолган жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги ёхуд юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларни уларнинг розилигисиз ошкор этиш, худди шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бошқача тарзда бузиш жисмонийва юридик шахсларнинг ҳуқуқларига, эркинликларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд жамият ва давлат манфаатларига жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Жисмоний шахсни, унинг вакилини, уларнинг оила аъзоларини, юридик шахсни, унинг вакилини ва юридик шахс вакилининг оила аъзоларини улар давлат органига, давлат муассасасига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикри ва мурожаатидаги танқид учун, худди шунингдек бошқача шаклда танқид қилганлиги учун мансабдор шахс томонидан таъқиб этиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Саволга Сайхунобод туман адлия бўлими бошлиғи Н.Тагиров жавоб берди.