Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

29

Адлия бошқармасида "Маърифат соати" ўтказилди


Сирдарё вилояти адлия бошқармасида ҳар ҳафтанинг жума кунлари “Маърифат соати” тадбирлари ўтказиб келинади. Айниқса ушбу тадбирларга педагоглар, психологлар, маданият ва санъат арбоблари тез-тез таклиф қилинади. Тадбирнинг бу галги меҳмонлари Гулистон шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими мутахассиси Қўзибой Абдуллаев ҳамда меҳнат фахрийси Нуриддин Латипов бўлди. Мулоқотда “Тўй, оилавий тантана ва дафн маросимларини ўтказишнинг мезони қандай?” мавзуси муҳокамалар марказида бўлди.
  • Биз орзу ҳавасли халқмиз. Яхши ниятлар билан фарзанд ўстирамиз, тўй қилай, халққа ош берай, деймиз. Баъзан орзу ҳавасларимиз ўрнини манманлик, кибру ҳаво эгаллаяпти. Тўйни дабдабаю, асъасага айлантириб юбораяпмиз. 2019 йилнинг 14 сентябрь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси кенгашларининг "Тўйлар,оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қўшма қарори тўй ва маъракалардаги ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликларнинг олдини олиш мақсадига қаратилди. Чиндан ҳам, ҳаётимиз, инсоний муносабатларимиз, фарзандларимиз камолига дахлдор бўлган ҳар бир масалани қонуний асосда ҳал қилишимиз лозим.  Негаки, қонун бор жойда – тараққиёт, қонун бор жойда – демократия, қонун бор жойда – эркинлик бўлади. Мазкур ҳужжат миллий маънавиятимизга, ҳаётимизга таъсир кўрсатадиган тўй, маърака ва маросимларни тартибга солишда муҳим ҳуқуқий асос бўлди, - дейди Қўзибой Абдуллаев ўз маърузасида.    
  • Ҳарқалай, охирги пайтларда тўй-тантаналар, дафн маросимларини ўтказиш анча тартибга келиб келиб қолди. Тўғрироғи, инсонлар ўз қадрига ета бошлаяпти. Ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб мисоллар келтиришим мумкин, икки томон ўзаро келишиб, тўй харажатлари қисқартирилмоқда, ўрнига янги, ёш оила учун мебель ёки бошқа жиҳозлар харид қилинмоқда. Буни тўғри танлов деб биламан, дейди меҳнат фахрийси Нуриддин Латипов.

Тадбирда тўй тантаналари ва дафн маросимларини ташкил этишда маҳалланинг роли, бу борада аҳолининг саводхонлиги ҳамда ҳуқуқий маданиятини оширишнинг долзарблиги, тантана, маросимларни тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалдаги ижросини таъминлашдаги мураккабликлар, фуқаролар томонидан йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш борасидаги таклиф ва мулоҳазалар билан ўртоқлашилди.

Нуронийлар ва адлия ходимлари мулоқоти баҳс-мунозара, савол-жавоблар билан янада қизғин ўтди. 


Дилноз Умурзоқова,

Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи