Янгиликлар
НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАР ФАОЛИЯТИГА ЯНА БИР ЭЪТИБОР
2021 йил 4 мартда муҳтарам Президентимизнинг “2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-6181-сон Фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармон асосида Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажмини 2021 йилда камида 1,2 бараварга, 2025 йилда 1,8 бараварга ошириш белгиланди.
Бундан ташқари, Фармонга асосан нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажмини 2021 йилда камида 1,2 бараварга, 2025 йилда 1,8 бараварга ошириш қайд этиб ўтилди.
Фармон талабларига кўра, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан юқори турувчи ташкилотларга қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан киритилган таклифларнинг умумий сонини 2021 йилда 1 000 тага, 2025 йилда 5 000 тага етказилишини таъминлаш кўзда тутилган.
Эътиборлиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига 2021 йилда 16 миллиард сўм, 2025 йилда 70 миллиард сўм маблағлар ажратилади.
Бундан ташқари, 2021 йилда 50 та, 2025 йилда 250 та нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари Давлат бошқаруви академиясида қайта тайёрланади ва уларнинг малакаси оширилади.
Яна бир муҳим жиҳат, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси жорий қилиниши ва унга кўра ҳар йил якунлари бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга оширилган ишлар, ижтимоий шериклик даражаси, ажратилган субсидия, грант ва ижтимоий буюртмалар натижадорлиги ва бошқа муҳим фаолият кўрсаткичларига асосан уларнинг рейтинги тузилиши белгиланди.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси (кейинги ўринларда – Жамоатчилик палатаси), Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда шакллантирилиши ва индекс натижалари уларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши Фармонда белгилаб қўйилди.
Хулоса ўрнида айтганда, мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини, қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, аҳолининг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш борасида олиб борилаётган бу каби эзгу ишлар улар сонининг келгусида янада ошишида муҳим омил бўлади деб, ўйлайман.
Сафарбой Тоғаев,
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари