Янгиликлар
27
Ховос туманида нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакиллари билан сайёр учрашув ўтказилди
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан Ховос туманида фаолият юритаётган нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакиллари билан ўтказилган сайёр учрашув сўнгги йилларда мамлакатимизда нодавлат-нотижорат ташкилотлар фаолиятини қўллаб- қувватлаш, такомиллаштириш ва рағбатлантиришга доир бир қатор норматив ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришга қаратилди. Мулоқотда нодавлат нотижорат ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартиби, мазкур ташкилотларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги ПФ-6181-сон Фармони билан 2021 йил 1 апрелдан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси жорий қилинади, 2021 йил 1 майдан «Шаффоф хайрия» ягона интерактив портали ишга туширилади. Бу эса ўз навбатида республикамизда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини янада ошириш учун хизмат қилади. Тадбирда нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган шу ва бошқа қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари соҳасида амалга оширилган ишлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5012-сон Қарори, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳияти йиғилиш иштирокчилари эътиборига етказилди.
Тадбир сўнгида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими