Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

26

“Ватан тақдири – менинг тақдиримда” мавзусида семинар ўтказилди


“Чўлда ўрмалаб юрган жониворлар ҳам туғилишиданоқ ўз маконларини биладилар, ҳавода учувчи қушлар ҳам, денгиз ва дарёлардаги балиқлар ҳам ўз ошёнларини ҳис қиладилар, ҳатто болари ва шунга ўхшашлар ҳам ўз уяларини муҳофаза қиладилар, шунинг каби одамлар ҳам қаерда туғилиб парвариш топсалар, ўша жойга чексиз меҳр қўйган бўладилар”, - деган эди белорус адиби Франциск Скорина.

Дарҳақиқат, ватан – азиз, ватан - муқаддас. Ватан тақдирини ўз тақдири деб билган инсон эса ватанпарвардир. Ёшлар юрт келажаги, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи. Шу боис уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш устувор вазифалардан биридир.

2021 йил 13 апрель куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари бу масалага тўхталиб, ёшлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди. Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар ишлар агентлиги томонидан ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган “Ватан тақдири – менинг тақдиримда” мавзусида семинар тренинглар ўтказиш тўғрисида қўшма қарори қабул қилинди.

Қўшма қарорга асосан Сирдарё вилояти адлия бошқармаси томонидан жойларда тарғибот тадбирлари ташкил қилинмоқда. Гулистон тиббиёт коллежида ўтказилган ўқув-семинарида адлия бошқармаси масъул ходимлари Дилноз Умурзоқова, Ҳилола Сулаймонбекова, ички ишлар бошқармаси ходими Баҳодир Каримбердиев иштирок этди.

Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган изчил сиёсат юритилмоқда. Семинарда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, иқтидор ва истеъдодини намоён этиши учун яратилган шароитлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди. Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, одам савдосига қарши курашиш мавзуларида ҳам маърузалар қилинди.

Тадбир очиқ мулоқот шаклида, савол-жавоблар асосида янада қизғин ўтди.Мавзуга оид слайд, ифографика ва видеороликлар намойиши тадбир таъсирчалигини янада оширди.

Хулоса ўрнида айтганда, ёшларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали сиёсий-ҳуқуқий фаол шахсни шакллантириш мумкин. Бу эса ўз навбатида, ватан тақдирини ўз тақдири деб билган ватанпарвар ёшларни тарбиялашда  муҳим омил бўлиб хизмат қилади.


Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими