Янгиликлар
Сайёр қабул Сардоба туман аҳолисининг, айниқса, ногиронлиги бўлган фуқароларнинг бир қатор муаммоларини ижобий ҳал қилиш имконини берди
Сирдарё вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари С.Тоғаев томонидан Сардоба тумани “Халқобод” ва "Қуйитош" маҳалласи аҳолиси учун ўтказилган навбатдаги сайёр қабули туман аҳли, айниқса, ногиронлиги бўлган фуқароларнинг бир қатор муаммоларини ҳал қилиш имконини берди.
Хусусан, фуқаро Ж.Алибекова туманнинг “Қуйитош” маҳалласида истиқомат қилади. У қайнонаси Я.Алибекованинг ногирон эканлигини айтиб, сайёр қабулга ташриф буюришидан мақсадга ўтди. Қайнонаси учун ногиронлик аравачаси зарур. Фуқаро Н.Мамарасулова эшитиш аппарати билан таъминлашда, фуқаро А.Алибеков ногирон фарзанди Н.Абдуллаевга ногиронлик аравачаси ажратишда амалий ёрдам беришни сўради. Фуқаро Н.Бектемиров отаси А.Бектемиров юришга қийналаётганлиги сабабли ҳассага муҳтож эканлигини баён қилди.
Фуқароларнинг ушбу мурожаатлари алоҳида эътиборга олинган ҳолда тумандаги тиббий ижтимоий хизматлар бўлими кўмагида ижобий ҳал қилинди. Шу куни Ж.Алибекованинг қайнонаси Я.Алибековага, ногиронлиги бўлган Нодирбекка ногиронлик аравачалари, Н.Мамарасуловага эшитиш аппарати, Н.Бектемировнинг отаси А.Бектемировга ҳасса ажратилиши таъминланди.
Бундан ташқари, сайёр қабул жараёнида “Халқобод” маҳалласида яшовчи 20 га яқин фуқароларнинг турли мазмундаги мурожаатлари қабул қилиниб, уларнинг 7 тасига жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 7 та мурожаатлар белгиланган тартибда кирим қилиниб, уларнинг кўриб чиқилиши алоҳида назоратга олинди.
Бу борадаги ишлар Сирдарё вилояти адлия бошқармаси раҳбарияти томонидан маҳаллаларда давом эттирилмоқда.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳууқуқий тарғибот ва маърифат бўлими