Янгиликлар
Электрон ҳужжатлар алмашинувини амалга оширишдаги мавжуд муаммо ва ечимлар
Жорий йилнинг 21 май куни Сирдарё вилоят судининг ташаббуси билан вилоят суди биносида электрон ҳужжатлар алмашинувини амалга оширишдаги мавжуд муаммо ва ечимларга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Сирдарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьялари ва суд апарати ходимлари ҳамда Сирдарё вилоят Адлия бошқармаси, Сирдарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Сирдарё вилоят кадастр палатаси бошқармаси, Сирдарё вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси Манзил-маълумот идораси, Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси, “Ҳудудгаз Сирдарё газ таъминоти” бўлими раҳбар ходимлари иштирок этишди.
Тадбирни Сирдарё вилоят суди раисининг ўринбосари Г.Олимова очиб, иштирокчиларга 2021 йил 31 мартда Сирдарё вилоят суди, Сирдарё вилоят Адлия бошқармаси, Нотариал палата вилоят бошқармаси ва Кадастр агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда “Ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ бўлган низолар бўйича аниқланган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан ҳамкорликдаги чора-тадбирлар” Режаси ишлаб чиқилганлигини, сўнгги йилларда судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилганлигини, хусусан, судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилганлигини, мазкур тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини бераётганлигини таъкидлади.
Тадбир давомида Сирдарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси С.Намазбаева сўзга чиқиб, фуқаролик ишлари бўйича судларининг “E-XSUD” ахборот тизимида давлат идоралари билан ўрнатилган интеграциялар юзасидан ўз фикр мулоҳазаларини билдирди.
Тадбир иштирокчилари электрон ҳужжатлар алмашинуви жараёнида юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр-мулоҳазар билдиришиб, бундай давра суҳбатларини доимий равишда ҳар чоракда камида бир маротаба кўплаб хато ва камчиликларга йўл қўяётган ташкилотларда ўтказиб бориш таклифларини киритишди.
Тадбир якунида раислик этувчи Сирдарё вилоят суди раисининг ўринбосари Г.Олимова сўзга чиқиб, иштирокчилар томонидан билдирилган таклифларни инобатга олиб, “Ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ бўлган низолар бўйича аниқланган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан ҳамкорликдаги чора-тадбирлар” Режасининг ижроси юзасидан аниқланган камчиликлар ва уларни баратараф қилиш чоралари юзасидан ҳар чоракда камида бир маротаба манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда хато ва камчиликларга йўл қўйган ташкилотда давра суҳбатлари ташкил этиб бориш бўйича қарор қабул қилиб, тадбирни ёпиқ деб эълон қилди.
Бундай тадбирларни ташкиллаштиришдан мақсад мамалакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳатлари жараёнида келгусида электрон ҳужжатлар алмашинувини амалга оширишдаги мавжуд муаммоларни бартараф қилиш, фуқароларни судга мурожаат қилишларида ошиқча қоғозбозчиликларни ва сарсонгарчиликларни олдини олиш ҳамда фуқароларга қулайликлар яратишга хизмат қилади.
Акмал Бозорбоев,
Сирдарё вилоят судининг судья катта ёрдамчиси
Равшанбек Турдиев,
Сирдарё вилоят судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бош консультанти