Янгиликлар
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Жамшидхон Нуритдинов Гулистон шаҳар “Обод-юрт” маҳалласида сайёр қабул ўтказди
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Жамшидхон Нуритдинов Гулистон шаҳар “Обод-юрт” маҳалласида сайёр қабул ўтказди. Сайёр қабулда фуқаролардан 17 та мурожаатлар келиб тушди.
Фуқаро У.Қ “Гулистон экстракт ёғ” акциядорлик жамиятига қарашли ётоқхонада вақтинча яшаб келмоқда. У доимий турар жойга эга эмас. Уй-жой харид қилиш учун эса бошланғич тўловга қурби етмайди. Фуқарога Президентимизнинг жорий йил 11 мартида қабул қилинган “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мазмун- моҳияти, уй-жой ажратилиш тартиби тушунтирилди. Худди шу мазмунда яна 2 нафар фуқаро мурожаат қилди. Уларга тегишли тартибда ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Фуқаро Н.Анинг турмуш ўртоғи яқинда вафот этган. Фарзанди Қозоғистон Республикасида таҳсил олади. Фарзандининг ўқиши учун шароит яратиш, қолаверса, рўзғорини бутлаш учун тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи. У давлат хизматлари марказидан рўйхатдан ўтган, бироқ, тижорат банкидан кредит маблағи берилмаган. Фуқаро солиқ идорасига бу борада мурожаат қилган бўлсада, солиқ бўйича қарздорлик ҳисобланган. Ушбу муаммога ҳуқуқий ечим сўраб қилинган мурожаат алоҳида назоратга олинди.
Фуқаро А.Т ҳам ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи. У кичик корхона ташкил қилиб, маҳалладаги ногиронлиги бор фуқаролар, эҳтиёжманд оилалар, ёш болали аёлларни иш билан банд қилишни ният қилган. Фуқаронинг ушбу мурожаати кўриб чиқилиши белгилаб олинди.
Сайёр қабул давомида иш билан таъминлаш, уй-жой, моддий ёрдам ва кредит олишда амалий кўмак мазмунида мурожаатлар ҳам тингланди.
Шу куни 3 та мурожаат жойида ҳал қилинди, 7 та мурожаатга тегишли тартибда ҳуқуқий тушунтириш берилиб, ўрганиш талаб этадиган 7 та мурожаат иш юритувига қабул қилинди.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими