Янгиликлар
21
Ширин шаҳар ҳокими Сарвар Султонов “E-qaror” электрон тизими бўйича биринчи қарорни электрон тарзда имзолади
Бугунги кунда рақамлаштириш, электрон ҳукуматни жорий қилиш босқичма-босқич давлат ташкилотларида жорий қилинмоқда. Хусусан, "E-qaror" электрон тизимини республикамизнинг барча ҳокимликларида жорий этиш орқали ҳокимликлар фаолияти ва иш юритуви шаффофлигини таъминлаш назарда тутилган. Бу фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари поймол бўлиши, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, шунингдек тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар ва нормалар ўрнатилишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Бугун 21 май куни Ширин шаҳар ҳокимлигида ташкил этилган ўқув-семинарда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 апрелдаги 218-сон “Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди.
Тадбирда ҳокимлик ва шаҳар ташкилотларининг соҳа бўйича тегишли масъуллари иштирок этди.
Якунда "E-qaror" электрон тизими жорий қилингандан сўнг, Ширин шаҳар ҳокими ушбу тизим орқали дастлабки қарорни электрон тарзда имзолади.
Ширин шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати