Янгиликлар
Сирдарё вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Ховос тумани бободеҳқонлари томонидан жорий қишлоқ хўжалиги мавсумида умид билан 7 минг 57 гектар майдонга қадалган чигит тўлиқ униб чиққан ва биринчи культивация ишлари авж паллада.
Туман секторлари раҳбарлари томонидан ғўза парвариши, уни ривожланиши, олиб борилаётган агротехник тадбирлар dа мавжуд техникалар ҳолатини “фермербай” ўрганиб, юзага келган муаммолар жойида бартараф этилмоқда.
Олиб борилаётган барча ишлардан кўзланган мақсад, биринчи ўринда юқори ҳосил олиш ва фермерлардаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга амалий ёрдам кўрсатишдан иборатдир.
***
Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси раҳбарияти томонидан тунги хизматга жалб этилган йўл-патруль инспекторлари билан чорраҳаларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўқув амалий машғулотлар ўтказилди.
Ушбу амалий машғулотлар ёш ходимларнинг бўлажак иш фаолияти давомида муҳим аҳамият касб этади.
***
Гулистон шаҳрида очилиши кутилаётган йирик 5 қаватли замонавий “SAXOVAT” савдо-кўнгилочар марказида замонавий, маданий ва оилавий ҳордиқ чиқариш учун мўлжалланган кинотеатр ҳам ўз иш фаолиятини бошлаши кутилмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, ушбу “SAXOVAT” савдо-кўнгилочар марказининг 3-қаватида шаҳардаги биринчи ва ягона “BOWLING” маркази ҳам иш бошлаш арафасида. Ушбу “BOWLING” маркази учун зарур бўлган жиҳозлар Хитой давлатидан келтирилиб, ўрнатилмоқда.
***
Жорий йилнинг 4 май куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар ҳамда Халқ таълими вазирликларининг кенгайтирилган таркибда ўтказилган қўшма Ҳайъат йиғилиши баённомасида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида – Гулистон шаҳридаги 9-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари билан учрашув ўтказилиб, таълим масканининг 5-синф ўқувчилари шаҳар ИИО ФМБ бошлиғининг кубоги учун “Қувноқ стартлар” спорт мусобақаси ташкил этилди.
Тадбир спортнинг аралаш турлари бўйича ʼʼʼҚувноқ стартлар" кўринишида ўтказилиб, Гулистон шаҳар ИИО ФМБ вояга етмаганлар билан ишлаш гуруҳи, вояга етмаганлар ишлари бўйича Гулистон шаҳар идоралараро комиссияси ҳамда шаҳар халқ таълими бўлими спорт шўъбаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари Гулистон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи кубоги, мукофотлар ва спорт анжомлари билан тақдирланди.
***
Боёвут туманидаги умумий таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Ёшлар ва қонун” кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Танлов Ёшлар ишлари агентлиги Боёвут туман бўлими, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Боёвут туман кенгаши, туман иқтисодий, жиноий ва фуқаролик судлари, туман халқ таълими ҳамда адлия бўлимлари томонидан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тумандаги 2-сонли хорижий тилларга ихтисослашган умумтаълим мактаби ўқувчилари танловда ғолиб бўлиб, вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.
А.Қаюмов, Ф.Тошматов, ЎзА