Янгиликлар
ҲОКИМЛАРНИНГ ҚАРОРЛАРИ «Е-QAROR» ТИЗИМИ ОРҚАЛИ ЎТАДИ
Аввал хабар берганимиздек, айни кунларда Адлия вазирлиги томонидан ҳокимликларда қарорларни “E-qaror” электрон тизими орқали қабул қилишни ташкил этишга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ Сирдарё вилоятида ўз ишини давом эттирмоқда.
Бугун ишчи гуруҳ томонидан «E-qaror» электрон тизимини ишга тушириш масалалари бўйича ўқув семинари ташкил қилинди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 апрелдаги "Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан қабул қилинаётган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 218-сон Қарори мазмун-моҳияти ва «E-qaror» электрон тизимида ишлаш тартиби батафсил тушунтирилди.
Тадбирда вилоят ҳокимлиги, давлат идоралари ва ташкилотларининг масъул ходимлари иштирок этиб, мазкур электрон дастурдан фойдаланиш бўйича керакли маълумотларга эга бўлдилар ҳамда «E-qaror» электрон дастурининг имкониятлари билан танишиб чиқдилар.
- Янги онлайн дастурнинг устунлик томонлари шундаки, чиқарилаётган қарорларни тўғридан тўғри “E-qaror” тизими орқали кенг жамоатчилик бемалол кузатиб бориши мумкин, - дейди Адлия вазирлиги масъул ходими И.Жўраев. -2021 йил 1 июлдан ҳуқуқий эксперимент натижалари асосида “E-qaror” электрон тизими республиканинг барча даражадаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида жорий этилиши кутилмоқда.
Ҳокимликларда қарорларни “E-qaror” электрон тизими орқали қабул қилишни ташкил этишга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ туман-шаҳарларда ушбу йўналишда ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими