Янгиликлар
Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш - давр талаби
Сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси ташаббуси билан вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказилаётган сайёр учрашувларда ушбу ҳаётбахш ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилмоқда.
Адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари С.Тоғаев ҳамда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда Сирдарё туманида ана шундай тадбир ташкил қилинди. Учрашувда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига оид Қонун ҳужжатлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти хусусида сўз юритилди. Шу билан бирга жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик талаблари ҳақида ҳам кенг маълумотлар берилди.
-Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ташкил қилиниши мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришда ижобий самарасини кўрсатмоқда. 2021 йил 1 апрелдан бошлаб нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси жорий қилиниши ва унга кўра ҳар йил якунлари бўйича мазкур ташкилотларнинг бир қатор муҳим фаолият кўрсаткичларига асосан рейтинги тузилиши нодавлат-нотижорат ташкилотлар фаолияти самарадорлигини яна бир поғона юқорига кўтариши шубҳасиз,- дейди С.Тоғаев ўз маърузасида.
Тадбирда нодавлат-нотижорат ташкилотлар фаолиятидаги муаммолар хусусида ҳам фикр мулоҳазалар юритилиб, иштирокчилар томонидан берилган саволларга мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб берилди.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими