Янгиликлар
САЙЁР ҚАБУЛЛАР: МУАММОЛАРГА ҲУҚУҚИЙ ЕЧИМ
Адлия органлари томонидан аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини тинглаш ва бевосита жойида ҳуқуқий ва амалий кўмак бериш юзасидан аниқ чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Шайжигитовнинг Ховос тумани "Бинокор" МФЙда ўтказган сайёр қабули ҳам ана шу жиҳатлари билан аҳамиятли бўлди.
Сайёр қабул давомида фуқаролардан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун ер ва кредит ажратиш, даволаниш учун моддий ёрдам олиш, пенсия таъминоти, уй-жойини расмийлаштириш ва бошқа ҳаётий зарур масалалар юзасидан 30 га яқин мурожаатлар келиб тушди.
Жумладан, фуқаро М.Жалилова меҳнат дафтарчасини йўқотган, шу боис пенсияга чиқишда муаммоларга дуч келмоқда, пенсия билан таъминлашда унга ёрдам керак. Фуқаро Г.Ҳожибекова ногиронлик нафақасига чиқиш ҳамда ижтимоий нафақа тайинланишида кўмак беришни сўради. Фуқаро Ж.Шоимова турмуш ўртоғидан қолган уй-жойни расмийлаштиришда қийинчиликларга дуч келмоқда.
Фуқароларнинг шу ва бошқа мурожаатлари атрофлича муҳокама қилиниб, уларнинг аксарияти жойида ҳал этилди.
Муддат талаб қиладиган масалалар бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.
Шунингдек, сайёр қабулда 1 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси, 2 нафар фуқарога қўлтиқтаёқ, 2 нафар фуқарога ҳасса топширилди.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими