Янгиликлар
Президент қарорлари ва топшириқларининг Янгиер шаҳридаги ижроси ўрганилди
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Администрацияси масъул ходими Ф.Гулямов, Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Н.Парпихўжаев, адлия бошқармаси бошлиғи Ж.Нуритдинов, ҳокимликлар, давлат органлари ва ташкилотларининг ижро интизомига масъул ходимлари иштирок этишди. Тадбирни Сирдарё вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Каримов кириш сўзи билан очди ва бошқариб борди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–6166-сон Фармони мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Шайжигитов сўзга чиқиб, мазкур Фармоннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, қабул қилиш зарурати ва мақсади ҳақида батафсил маълумот берди.
- Қонунчилик ҳужжатларининг ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ ижро этилиши ислоҳотлар самарали кечишининг гарови ҳисобланади. Бироқ, таҳлиллар натижасида ижро интизоми самарасиз даражада эканлигидан далолат берувчи кўплаб ҳолатлар аниқланган. Шу муносабат билан қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга қаратилган мазкур Фармон қабул қилинди, - деди А.Шайжигитов ўз маърузасида.
Таъкидланганидек, «Ijro.gov.uz» тизимида қонун ҳужжатлари ва топшириқлар ўз вақтида ижро этилишининг назорати олиб борилади. Унда назоратга олинадиган топшириқлар киритилади, мазкур топшириқлардан келиб чиққан ҳолда масъул ижрочилар ва бажариш муддатлари белгиланади, улар томонидан киритилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлиги текширилади. Семинарда Ўзбекистон Республикаси Администрацияси масъул ходими Ф.Гулямов “Ijro.gov.uz” тизимининг ишлаш жараёни ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Тадбир савол-жавоблар асосида ўтди. Фармон мазмун-моҳияти, Ijro.gov.uz” тизими орқали ижро назоратини самарали ташкил этиш юзасидан иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларига жавоблар берилди.
Тадбир сўнгида аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этиш, масъул ходимларнинг ҳуқуқий билим, кўникма ва малакасини оширишга қаратилган ўқув-семинарларни ҳудудлар кесимида ўтказишга келишиб олинди.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими