Янгиликлар
Оқолтин туманидаги 16-мактабда “Ҳуқуқшунос билан учрашув” тадбири ўтказилди
Ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларга пухта билим бериш, касбга йўналтириш баркамол шахс камолотида муҳим ўрин тутади. Шу боис таълим даргоҳларида ўқув-тарбия ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари, масъул ходимлари иштирокида бўлиб ўтадиган турли учрашув ва давра суҳбатлари ҳар бир ёшни “Ким бўлсам экан?” деган мушоҳадали саволга жавоб излашга ундаши табиий.
Шу кунларда Сирдарё вилоятидаги умумтаълим мактабларида “Ҳуқуқшунос билан учрашув”, “Адлия ва ёшлар” мавзуларида тадбирлар ташкил этилмоқда. Бундан кўзланган мақсад ўқувчиларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, соҳага қизиқишини ошириш, адлия органлари фаолияти билан яқиндан таништиришдан иборат.
Оқолтин туман адлия бўлими бошлиғи Турсунбой Каримов "Шодлик" МФЙ ҳудудида жойлашган 16-сонли умумтаълим мактабида бўлиб, битирувчи ўқувчилар билан учрашди. Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мазмун-моҳияти тўғрисида кенг маълумотлар бериб, сўнг уларнинг ҳуқуқий билимларини синовдан ўтказди. Қизғин-савол-жавоб, баҳс-мунозара тадбир таъсирчанлигини оширди.
Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, инсон ҳуқуқ ва манфатларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашда адлия органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида берилган кенг маълумотлар, билдирилган фикр-мулоҳазалар ёшларнинг ҳуқуқшунослик касбига қизиқишини яна бир карра оширди, десак, муболаға бўлмайди.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими