Янгиликлар
СУДЛАР ФАОЛИЯТИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИЛДИ
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Суд қарорларини қайта кўриш институти такомилаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги, Фуқаролик процессуал, Жиноят-процессуал, Иқтисодий процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Ховос туман ҳокимлигида бўлиб ўтган ҳуқуқий тарғибот тадбири “Суд қарорларини қайта кўриш институтининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун мазмун-моҳиятига бағишланди.
Тадбирда Ховос туман адлия бўлими бошлиғи Ихтиёр Қаюмов томонидан қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида батафсил маълумотлар берилиб, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Таъкидланганидек, Қонунга киритилган ўзгартишларга кўра, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишлар эндиликда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўрилади.
Эндиликда фуқаролар ўз ҳисобидан маъмурий баённоманинг кўчирма нусхасини, шунингдек, суд мажлисининг аудио ёки видеоёзувини олишга ҳақли.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарор устидан маъмурий баённомани тузган орган томонидан ҳам шикоят берилиши мумкин.
Маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни назорат тартибида кўриш бекор қилиниб, апелляция инстанцияси жорий этилди.
Суд ҳужжатининг ноқонунийлиги, асослантирилмаганлиги билан бир қаторда уларнинг адолатсизлиги ҳам суд ҳужжатини кассация тартибида ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлиши белгиланди.
Кассация инстанцияси суди маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни Олий суд раиси, Бош прокурор ёки уларнинг ўринбосарлари киритган протестга кўра кассация тартибида такроран кўради. Кўргазмали тарғибот тадбирида Қонуннинг шу ва бошқа муҳим жиҳатлари ҳақида кенг маълумотлар берилди.
Хулоса ўрнида айтганда, суд-ҳуқуқ соҳасидаги бу каби ислоҳотлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоялашда алоҳида аҳамиятга эга. Энг муҳими, ушбу қонун судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантиришда яна бир муҳим ҳуқуқий асосдир.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими