Янгиликлар
Мактабгача таълимда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш қамровни оширади
Гулистон шаҳрида Президентимизнинг жорий йилнинг 12 апрелдаги “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мақсади, мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг оммага етказиш ва тушунтиришга қаратилган матбуот анжумани ўтказилди.
Карантин қоидаларига тўла риоя этилган ҳолда ўтган тадбир Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси ташаббуси билан вилоят мактабгача таълим ҳамда вилоят адлия бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбир иштирокчиларига, вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси Х.Сулайманбекова, вилоят мактабгача таълим бошқармаси масъул ходимлари Ф.Халйигитов, М.Тўрақулова, Ш.Ахунбаев мазкур қарорнинг мақсади, мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида атрофлича тушунтириб берди.
– Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори давлат-хусусий шериклик шаклидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш ишларини жадаллаштириш ҳамда ушбу соҳага хусусий секторни кенгроқ жалб этиш орқали мактабгача таълим қамровини ошириш мақсадида қабул қилинди, – дейди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармасининг бош мутахассис Б.Мавлонов. – Қарорнинг мазмун-моҳимятини оммага мукаммал тарзда етказишда эса асосий ролни оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ижро этади.
Тадбир иштирокчилари қарор билан тизимда фаолият олиб борадиган тадбиркорларга яратиб берилаётган имкониятлар, енгилликлар ва қулайликлар ҳақида, ислоҳотлар натижасида тарбияланувчилар қамровини кескин ошириш, шунингдек, юқори сифат ва самарадорликка эришилиши бўйича тўлиқ маълумотларга эга бўлди.