Янгиликлар
МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗИЛДИ
Сирдарё вилояти Ахборот ва оммавий коммуникациялар, Адлия ва Мактабгача таълим бошқармалари ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 12 апрелдаги “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5071-сонли қарорининг мақсади, мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг оммага етказиш ҳамда тушунтиришга қаратилган матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманни вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бош мутахассиси Б.Мавлонов кириш сўзи билан очди ва бошқариб борди.
ТадбирдаАдлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси Х.Сулайманбекова, Мактабгача таълим бошқармаси масъул ходимлари Ш.Айхунбаев, Ф.Халигитов, М.Тўрақулова томонидан мазкур қарорнинг мақсади, мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
Таъкидланганидек, давлат-хусусий шерикчилиги бу узоқ муддатли шартнома, битимдир. Бу битимнинг ўзига хос аломатлари шундан иборатки, лойиҳанинг хатари, молиявий манбалар ҳам хусусий сектор зиммасида бўлади. Бу лойиҳалар 3 йилдан 49 йилгача бўлади. Лойиҳани тайёрлашда ғоядан бошлаб шартномани имзолашга 18 ойгача вақт талаб этилади. Бунга замонавий менежмент тизимини жорий қилиш ҳам мумкин.Мулоқот давомида тизимда фаолият олиб борадиган тадбиркорларга яратиб берилаётган имтиёзлар, енгиллик ва қулайликлар, ислоҳотлар натижасида тарбияланувчилар қамровини кескин ошириш, шунингдек, юқори сифат ва самарадорликка эришиш омиллари ҳақида тўхталиб ўтилди.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими