Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

22

ТИЛ – МИЛЛАТ КЎЗГУСИДИР


Тил миллатнинг номи ва шонидир. Унингсиз ҳеч бир миллат баркамол бўлолмайди. Маърифатпарвар боболаримиз араб, форс тилларини мукаммал билиб, у икки тилда ёзиш-сўзлашишгина эмас, балки бу тилларда китоб ёзиш, шеър айтиш қобилиятлари бўлса-да, ўз она тилларини ортиқ кўришган. Туркий тил тараққиёти учун хизмат қилишган.  

Бугун жамиятимизда, ўзбек тилига она тил сифатида қараш, унинг давлат тили мақомини мустаҳкамлашга эътибор кучаяётир. Хусусан, давлат раҳбарининг 2019 йилнинг 21 –октябрида “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони ана шу мақсад йўлининг давоми бўлди.  Фармонга кўра, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун - 21 октябрь санасини “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди. Ўтган икки йиллик фурсатда шу кунни кенг нишонлаш, миллат ифтихори бўлган она тилимизга эҳтиром кўрсатиш ва кенг дунёга маълум қилиш тадбирлари кучайиб,  анъанага айланди.

Шунингдек, фармонга кўра, Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди ҳамда бир қатор вазифалари  белгилаб берилди. Департамент давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторинг амалга ошириб келаётир.

Давлат органлари ва ташкилотлари, жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини ташкил қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш ҳам унинг зиммасида. Давлат тили қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларни мунтазам ва ҳар томонлама ўрганиш, уларни бартараф этишга доир чора-тадбирлар ишлаши амалга оширилди.

Департамент томонидан ўзбек тилининг ёзма нутқи меъёр ва қоидаларини ишлаб чиқиш, ҳамда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини тўлиқ жорий этиш борасидаги ишлари жадаллашди. 2023-йилгача тўлиқ лотин ёзувидан фойдаланишга ўтиш белгиланди.

Гарчи ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган бўлса-да, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг айрим  соҳаларида, жумладан, давлат бошқаруви, замонавий ва инновацион технологиялар, саноат, банк-молия тизими, ҳуқуқшунослик, дипломатия, ҳарбий иш, тиббиёт ва бошқа соҳаларда давлат тилининг имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланилмай келинди. Иш юритувига оид ҳужжатлар, ёки низом-қарорлар тўлиқ ажнабий тилида, ёки чет атамаларга тўла кўринишда бўлишига одатландик.

Эндиликда, бунга чек қўйилади. Бунинг учун таълим муассасаларида давлат тилини ўргатиш ва уни билиш даражасини янада такомиллаштириш, давлат тилининг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш амалга оширилмоқда.

Маълумки,  тил муносиб ахборот алмашиш, маълумот сақлаш ва тўплаш эҳтиёжини қондириши керак. Шу мақсадда тилимизнинг бугунги ахборот ва коммуникация технологиялари, хусусан, Интернет жаҳон ахборот тармоғида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, ўзбек тилининг компьютер дастурларини яратиш вазифаси турибди.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ўтган фурсатдан, танқидий мулоҳазалардан тўғри хулоса чиқардик. Эндиликда олдимизга қўйилган вазифаларни амалга ошириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўраяпмиз. Режаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши давлатимизни ҳар томонлама ривожлантириши, шубҳасиз. Зеро тил- миллат маънавияти, маданиятининг кўзгусидир. 


Бегзод ҒАЙБУЛЛАЕВ,

Ширин шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси