Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

21

НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАР ФАОЛИЯТИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНАДИ


Мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, унинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5012-сон Қарори билан айнан Нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва ННТлар миллий ассоциацияси фаолиятини такомиллаштириш юзасидан бир қатор ўзгаришлар амалга оширилиб, ушбу ҳаракатлар соддалаштирилди.

Жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилган (маълумот учун) ҳолда хорижий манбалардан олинадиган пул маблағлари ва мол-мулкнинг бир календарь йилидаги жами суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан юз бараваригача оширилди.

Нодавлат нотижорат ташкилотини қайта рўйхатдан ҳамда унинг рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати бир ойдан ўн беш кунгача қисқартирилиши белгиланди.

Бизга маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 57-сон қарори билан тасдиқланган “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга кўра, ННТни қайта рўйхатидан ўтказиш ҳамда ННТ рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатлар улар тақдим этилган кундан бошлаб бир ой мобайнида кўриб чиқилиши белгиланган.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, нуронийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш учун давлат божи ундирилмаслиги белгиланган илгари юқоридаги ҳолатлардан давлат божлари ундириб келинган.

Бу ҳам ўз навбатида, нодавлат нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлашнинг бир кўриниши сифатида намоён бўлади.

Шу билан бирга, Қарорга кўра нодавлат нотижорат ташкилотининг алоҳида бўлинмаси юридик шахс ҳисобланади, бунда алоҳида бўлинмаларни ҳисобга қўйиш тартиби бекор қилинди.

Қарор қабул қилингунга қадар юридик шахс бўлмаган алоҳида бўлинманинг тегишли ҳудуддаги ваколатларини адлия органлари томонидан алоҳида бўлинма тўғрисидаги маълумотларни Юридик шахс мақомига эга бўлмаган алоҳида бўлинмалар реестрига киритиш ҳамда уларни ҳисобга қўйиш тўғрисидаги гувоҳномани бериш йўли билан рўйхатга қўйиб келинган.

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини давлат органларида, судларда, халқаро, хорижий, шунингдек, бошқа ташкилотларда ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш;

нодавлат нотижорат ташкилотларини Ассоциацияга бирлаштириш, уларнинг фаолиятини йўналтириш, ривожлантириш, шунингдек, самарадорлиги ва сифатини оширишга кўмаклашиш;

нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, халқаро ва хорижий тузилмалар ҳамда давлат органлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда иштирок этиш;

нодавлат нотижорат ташкилотлари ташаббусларини амалга ошириш учун уларга қулай ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий шароитлар яратишга кўмаклашиш;

мамлакатда демократик жараёнларни барқарор ривожлантириш ва илгари суришда аъзолар ҳамда ҳамкорларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш;

нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш ҳамда соҳани тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ва ходимларининг ташкилотни самарали бошқариш, молиявий барқарорликка эришиш, ижтимоий муҳим лойиҳаларни ишлаб чиқиш, ижтимоий шериклик ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, волонтёрларни, хайрия ва бошқа ресурсларни жалб қилиш, ижтимоий менежмент, ижтимоий тадбиркорлик йўналишларида салоҳиятини ошириш;

нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари учун қўлланмалар, ўқув дастурлари, китоблар, мамлакатимизга мос назарий ёндашувларни ишлаб чиқиш.

Бундан ташқари, ассоциация раҳбари бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси раисининг, Ассоциация ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари эса — ҳудудий жамоатчилик палаталари раисларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари масалалари бўйича жамоатчилик асосида фаолият юритадиган маслаҳатчилари ҳисобланади;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳридаги «Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари»га ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда ўз фаолиятини амалга ошираётган нодавлат нотижорат ташкилотларини жойлаштириш Ассоциациянинг тавсияномаси асосида амалга оширилади.

 Бир сўз билан айтганда, мазкур ўзгаришлар ҳамда вазифалар нодавлат нотижорат ташкилотлар ва давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун хизмат қилади.

 

С, Тоғаев,

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари