Янгиликлар
Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ходимларининг ҳуқуқий билимларини ошириш – давр талаби
Шу кунларда Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бошқармаси томонидан тасдиқланган режа асосида Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил этилмоқда. Ушбу ўқувлар ходимларнинг ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш, касбга йўналтириш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва жамоат назоратини олиб бориш, ҳудудларни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш, жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасидаги малакасини, касбий-бошқарув кўникмаларини ҳамда ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий билимларини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Малака ошириш курсида Сирдарё вилояти адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Азиз Мавлонов ўз маърузаси билан иштирок этди ҳамда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби, мурожаатларни кўриб чиқишга доир қонунчилик юзасидан батафсил маълумот берди. Мулоқот давомида янги қабул қилинган бир қатор қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди. Айниқса, бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири - “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизлар ва ишсиз ёшларнинг муаммоларини ўрганиш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилиб, тингловчиларни қизиқтирган саволларига тегишли жавоблар берилди.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими