Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

19

ОНА ТИЛИ – МАЪНАВИЯТ ПОЙДЕВОРИ


  1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши мамлакатимиз мустақиллиги сари қўйилган дастлабки дадил қадам эди. Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ўзбек тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиий. Айниқса, сўнгги йилларда ўзбек тилининг обрўси ва нуфузини ошириш, унинг расмий тил сифатида мақомини янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг ўз тилларини ривожлантириш баробарида ўзбек тилини ўрганишга кенг ва тенг имкониятлар яратиш борасида изчил ислоҳотлар давом этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан 2021 йил 1 апрелдан бошлаб ўзбек тили ва адабиёти бўйича раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланиши ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этилиши белгиланди, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини, имло қоидаларини янада такомиллаштириш ва янги ёзувга тўлиқ ўтишни таъминлашнинг механизмлари такомиллаштирилди.

Шунингдек, мазкур фармон билан ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги ўрнини юксалтириш, ундан давлат тили сифатида тўлиқ ва тўғри фойдаланишни таъминлаш мақсадида 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди. Концепцияда барча таълим муассасаларида, жумладан мактабгача, ўрта ва олий таълим муассасаларида ўзбек тилини ўргатишни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Айниқса, ёшлар ўртасида нутқ маданиятини оширишга қаратилган танловлар ўтказиш, “Зулфияхоним қизлари”, “Мард ўғлонлар” танловлари номзодларига давлат тилини билиши шартини киритиш; савдо, ишлаб чиқариш, маиший хизмат кўрсатиш объектларига ўзбекча ном қўйишнинг норматив-ҳуқуқий асосини шакллантириш асносида ўзбек тилини миллий қадрият сифатида авлоддан-авлодга соф ҳолда етказишнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Қолаверса, техника асрида давлат тилининг ахборот ва коммуникация технологиялари билан фаол интеграциясини таъминлаш ҳамда ўзбек тилининг илм-фан ва технологиялар соҳасида қўлланилиши имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида ўзбек тилига оид барча илмий, назарий ва амалий маълумотларни ўзида жамлаган электрон кўринишдаги ўзбек тили миллий корпусини яратиш, ўзбек тилини интернет тармоғида оммалаштириш, ўзбек тилини ўргатувчи компьютер дастурларини кенг миқёсда амалиётга татбиқ қилиш борасида амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, она тилини асраб-авайлаш ватанни асраб-авайлашдир .Аждодлардан мерос бўлиб келаётган тилимизнинг софлигини сақлаш, унинг нуфузини ошириш, ўзбек тилини миллий қадрият даражасига кўтариш барчамизнинг олий бурчимиз. Зеро, Абдулла Авлоний айтганидек, “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак – миллатнинг руҳини йўқотмакдур”. 


Ҳилола Сулаймонбекова,

Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси