Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

16

Сирдарё вилояти юридик техникумига медиа-тур уюштирилди


Ҳар бир соҳанинг ривожи кадрлар салоҳиятига бевосита боғлиқ. Ана шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда таълим сифатини тубдан ошириш, юксак билим ва салоҳиятга эга кадрларни тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сирдарё вилояти юридик техникуми. Юридик кадрлар тайёрлашга ихтисослашган мазкур таълим даргоҳи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ–3666-сон  “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада  такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига  асосан ташкил этилган.

Сирдарё вилояти адлия бошқармаси томонидан таълим муассасасига медиа-тур уюштирилди. Мақсад - ўқув-педагогик жараёнга инновацион илғор ва халқаро таълим стандартларини жорий этиш орқали юридик кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларнинг бориши  ва таълим-тарбия жараёнлари билан таништириш.

Маълумот ўрнида, Юридик техникумда бугунги кунда 382 нафар ўқувчилар таҳсил олмоқда. 9 нафар асосий ва 5 нафар ўқитувчилар соатбай асосида ўқувчиларга таълим бериб келмоқда. Таълим даргоҳи 720 ўқувчи ўрнига мўлжалланган ўқув биноси, 18х30 ҳажмли спорт зали, 100 ўринли ўқувчилар турар жойи, ташқи футбол, волейбол, баскетбол майдонларига эга.

Оммавий ахборот воситалари ходимлари, ёш журналистлар мактаби ўқувчилари билан бўлган мулоқот давомида техникумнинг моддий-техник базаси, таълим олувчиларга яратилган шарт-шароитлар ҳақида кенг маълумотлар берилди.

Журналистлар техникум фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида дастлаб муассасанинг ахборот ресурс марказида бўлдилар. Марказда жами 304 номда 4679 дона китоб мавжуд, ҳуқуқий адабиётлар 83 номда 1640 донани ташкил қилади. Бундан ташқари, бу ерда ўқувчилар сиёсий, умумтаълим, бадиий адабиётларни ҳам мутолаа қилиш имкониятига эга.

Ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари учун муассасада барча шароитлар яратилган бўлиб, малакали ўқитувчилар томонидан интерфаол методлар асосида, ахборот коммуникацион технологияларидан фойдаланган ҳолда дарслар ўтилмоқда. Медиа-тур давомида дарс жараёнлари ҳам кузатилди.

- Техникумда назарий олинган билимларни амалиёт билан боғлаб мустаҳкамлаш мақсадида ўқувчилар судлар, прокуратура, давлат хизматлари марказлари, мажбурий ижро бюросида бўлиб, сайёр дарсларда иштирок этадилар.  Техникум – Халқаро таснифлагичнинг 5-даражасига мос келувчи  таълим дастурлари асосида олий таълим тизими билан интеграциялашган ўрта  махсус профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган давлат таълим  муассасаси ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникуми битирувчиларининг 30% гача Ҳудудий адлия органи бошлиғи томонидан махсус комиссия қарорига асосан йўлланмалар берилади, - дейди техникум директорининг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари Жаҳонгир Холбаев.

Юридик техникумда ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус ижросини таъминлаш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Медиа-тур иштирокчилари маънавий-маърифий тадбир меҳмони бўлдилар.

Гулистон ихтисослаштирилган санъат мактаби билан ҳамкорликда тайёрланган концерт дастури, нафис тасвирий санъат асарлари - ҳайкалтарошлик, рассомчилик намуналари, китобхонликни ривожлантириш, айниқса, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини ривожлантириш мақсадида ташкил қилинган  китоблар кўргазмаси барчада илиқ таассурот уйғотди.

- Юридик техникумга уюштирилган медиа-тур давомида таълим даргоҳининг фаолияти билан тўлиқ танишдик. Хурсанд бўлдимки,муассасанинг ахборот ресурс маркази китобларга бой экан. Қолаверса, бу ерда ижтимоий тармоқлар орқали расмий манбалардан маълумотлар олиш имконияти ҳам кенг, шунингдек, электрон дарсликлар заҳираси ҳам яратилибди, бу ёшларнинг нафақат ҳуқуқий, балки барча соҳаларга оид билимларини оширишда муҳим аҳамият касб этади, - дейди журналист Мунаввар Пардаев.

Хулоса ўрнида айтганда, Ҳуқуқий демократик давлатнинг асосий шарти-қонунни билиш ва унга итоат қилишдир. Бунинг учун жамиятда ҳуқуқий маданият шаклланган бўлиши зарур. Бунга ўз-ўзидан эришиб бўлмайди. Фуқароларнинг ҳуқуқий билими, маданияти энг аввало ҳуқуқий таълим қандай йўлга қўйилганлиги билан боғлиқ. Жамиятда адолат ўрнатилиши ҳам бир томондан ҳуқуқий билим ва маданиятга, иккинчи томондан юридик кадрлар савиясига, жамиятнинг юридик кадрларга эҳтиёжи қай даражада таъминланганлигига боғлиқ. Сирдарё вилояти юридик техникумида таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқдаки, бу  рақобатбардош юридик кадрлар тайёрлаш йўлидаги бугунги эзгу ҳаракатларда ҳам ўз ифодасини топган. 


Дилноз Умурзоқова,

Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи