Янгиликлар
ҲАР БИР МУРОЖААТ АДЛИЯ ЭЪТИБОРИДА
Сирдарё вилоятининг ҳар бир ҳудудида жисмоний ва юридик шахсларнинг сарсон бўлишларини олдини олиш ҳамда уларнинг мурожаатларини жойида ҳал этиш мақсадида сайёр қабуллар ўтказилиб келинмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг март ойида адлия бошқармаси раҳбарияти томонидан Янгиер шаҳри “Маърифат” маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ташкил этилди эди.
Сайёр қабул жараёнида ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи 20 дан ортиқ фуқаролардан мурожаатлар келиб тушган.
Шу куни Янгиер шаҳри, “Маърифат” МФЙ, “Мамадалиев” кўчаси 21-уй, 6-хонадонда яшовчи фуқаро Т.Эшонқулов турмуш ўртоғи I гуруҳ ногирони эканлиги сабабли, Тошкент шаҳрида даволаниши учун йўлланма олишда амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилган эди.
Ушбу мурожаат белгиланган тартибда қабул қилиниб, унинг ижросига киришилди.
Хусусан, Сирдарё вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда мурожаат муаллифининг турмуш ўртоғи Н.Эшонқулова тиббий кўрикдан ўтказилди, Текширув натижаларига кўра, унда “Кўкрак умуртқаларининг кистоз ўсмаси операциядан кейинги ҳолат, кўкрак ва бел умуртқалари остехондрози, радикуляр синдром ва нейродистрофик ўзгаришлар билан пастки парапарез ва таз аъзолари функцияси бузилиши диагнози” аниқланди.
Мутахассисларнинг хулосаларига асосан Т.Эшонқуловнинг турмуш ўртоғи Н.Эшонқуловага Сирдарё вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт марказига 00000294-сонли ва Тошкент тиббиёт академиясига 001074-сонли имтиёзли ордерлар ажратилиши таъминланди.
Шунингдек, фуқаро Н.Эшонқулова учун вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан тиббий мутахассис назорати остида Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида тегишли мутахассислар тиббий кўригидан ҳамда лабаротор-диагностик текширувлардан ўтказиш учун олиб бориб келиш мақсадида тез ёрдам автотранспорти ажратилиши таъминланиб, мурожаат қаноатлантирилди.
С.Тоғаев,
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари