Янгиликлар
ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ ЕНГИЛЛАШТИРИЛДИМИ?
“Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони Сирдарё вилоят адлия бошқармаси томонидан ташкил қилинган матбуот анжуманига мавзу бўлди.
Оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерлар учун ташкил қилинган бу галги анжуман ноанъанавийлик касб этди. Боиси, тадбир Сирдарё вилояти юридик техникумида бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази ўқитувчилари, юридик фанлар номзодлари Шуҳрат Раҳмонов ҳамда Маҳкам Воҳидов Фармон-мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида маълумот беришди.
- Давлат хизматларидан фойдаланиш учун мурожаат этувчи аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг сони доимий равишда ўсиб бориши мазкур соҳани такомиллаштириш бўйича қўшимча чоралар кўрилишини талаб этмоқда, - деди Ш.Раҳмонов ўз маърузасида. - Аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш давом эттирилишини таъминлаш мазкур Фармонни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсаддир.
Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, 2021 йил 1 июндан қуйидагилар экстерриториал тамойил асосида амалга оширилади.
а) 7 та турдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш:
· туғилиш
· никоҳ тузилганлиги
· никоҳдан ажралиш
· ўлим
· исм ва фамилияни ўзгартириш
· оталикни белгилаш
· фарзандликка олиш
Маълумот учун: ҳозирда 60 млндан зиёд ФҲДЁ архив ҳужжатлари тўлиқ рақамлаштирилган
б) никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш
(Маълумот учун: 2020 йилда 594 минг нафар никоҳланувчи ОИВ/ОИТС, психик, наркологик, тери-таносил, сил касалликлари бўйича тиббий кўрикдан ўтган).
в) хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш
Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда ФҲДЁ билан боғлиқ барча маълумотлар фуқаролардан талаб қилмасдан нотариуслар томонидан электрон тизими орқали олинади.
Маълумот учун: никоҳда турган ёки турмаганлиги тўғрисида маълумотнома олишни бекор қилиниши натижасида йилига ўртача 230 мингдан ортиқ фуқарони овора бўлишининг олди олинади ва уларнинг 3,5 млрд сўмдан ортиқ маблағи тежалади.
Матбуот анжуманида юридик фанлар номзоди М.Воҳидов қонунчиликдаги шу ва бошқа ўзгаришлар ҳақида кенг маълумотлар берди.
Тарғибот таъсирчанлигини ошириш мақсадида Фармон мазмун-моҳияти акс этган инфографика, слайд ва видеороликлардан ҳам самарали фойдаланилди.
Тадбир ниҳоясида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.
Д.Умурзоқова, Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи