Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

15

САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛДИ


Мамлакатимизда жорий йилда ўтказилиши кутилаётган муҳим сиёсий воқеа Президентлик сайловига тайёргарлик аллақачон бошлаб юборилган. Фуқароларнинг дунёқараши, уларнинг давлат ва жамият бошқарувида иштироки ҳамда сиёсий-ҳуқуқий маданиятини яққол намоён қилувчи сайлов жараёнига ватанига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган ҳеч бир инсон бефарқ қарай олмайди.

Сайлов жараёнларида холислик, адолатлилик, шаффофликни таъминлаш, сайлов иштирокчилари учун тенг имкониятлар ва қулайликлар яратиш, чет элда яшаётган фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, қолаверса, ривожланган хорижий давлатларнинг тажрибасидан келиб чиқиб 2021 йилнинг 8 февралида “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Мазкур қонун ҳужжати қабул қилиниши муносабати билан бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, жумладан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонунлар ҳамда 2019 йил 25 июнда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов Кодексига муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Конституциямизга киритилган ўзгартиришга кўра, Президентлик сайлови, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловлар, эндиликда декабрда эмас, октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўзказилади.

Эндиликда, сиёсий партияларнинг иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг бир номзод ҳисобига тўғри келадиган миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комииссияси томонидан белгиланади. Сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратилган маблағлар ташвиқот олиб боришга, номзодларнинг ишончли вакиллари ва ташвиқот ўтказиш учун жалб қилинадиган бошқа фаоллар ишини ташкил этишга, сайлов комиссиясини ўтказишга доир умумпартиявий тадбирларга сарфланиши мустаҳкамлаб қўйилди. Шунингдек, асоссиз сарф-харажатларнинг олдини олиш, сайловолди ташвиқотлар учун ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида сиёсий партиялар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботлар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилади.

Энг муҳим ўзгариш ва қўшимчалар Сайлов кодексида акс этган бўлиб, чет давлатда турган фуқароларни сайловчилар рўйхатига киритиш  ва турган жойида овоз бериш тартиби, Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг транспортдан фойдаланиш ҳуқуқи ислоҳ қилинди, давлат ҳокимияти бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг, Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг, судьяларнинг, сайлов комиссиялари аъзоларининг, диний ташкилотлар профессионал хизматчиларининг сайловолди ташвиқотини олиб бориши таъқиқланиши белгилаб қўйилди. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқеидан сайловолди ташвиқоти вақтида ҳар қандай сиёсий партиянинг ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланиши мумкин эмаслиги қонун билан мустаҳкамлаб қўйилди. Яна бир муҳим ўзгариш шундан иборатки, сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят қилиш муддати 10 кун эмас, 5 кун этиб белгиланди.

Шунингдек, Сайлов кодекси 42-моддаси агар номзод сайловга қадар вафот этган, сайлов ҳуқуқидан маҳрум бўлган ёҳуд номзодликдан чақириб олинган тақдирда нашр этилган сайлов бюллетенларидан ушбу номзоднинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёзилган сатр ўчирилиши, муддатидан олдин овоз бериш жараёнида бундай номзодни ёқлаб берилган овозлар участка сайлов комиссиялари томонидан овозларни санаб чиқиш чоғида ҳақиқий эмас деб топилиши ҳақидаги норма билан тўлдирилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, йилдан-йилга ислоҳ қилинаётган сайлов қонунчилиги сайлов жараёнларининг ошкоралиги, холислиги ва ҳаққонийлигини таъминлашга, ўтган йиллар давомида тўпланган миллий ва хорижий тажриба асосида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда муносиб ҳисса қўшиши, шубҳасиз. Зотан, адолатли сайловлар – бу демократиянинг ўта муҳим ва зарурий шартларидан биридир.


Адҳам Шайжигитов,

Сирдарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари