Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

03

Ўзбекистон ННТ Миллий ассоциацияси Сирдарё вилояти ҳудудий бўлими конференциясида қандай масалалар муҳокама қилинди?


Гулистон шаҳрида Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмасининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Конференцияда Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) Миллий ассоциацияси раҳбарияти, Ассоциация аъзолари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Унда Ўзбекистон ННТлари миллий Ассоциацияси ҳудудий бўлинмасининг 2018-2020 йиллар давомида амалга оширган ишлари ҳамда 2021 йилдаги устувор вазифалари ва Уставга мувофиқ, навбатдаги республика ҳисобот-сайлов конференциясига Сирдарё вилоятидан делегатлар сайлаш масаласи кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ННТларининг миллий Ассоциацияси 2005 йилнинг май ойида таъсис этилган бўлиб, фаолиятининг мақсади давлат ва жамият қурилишининг устувор вазифаларини амалга ошириш, эркин, очиқ ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришда жамоат ташкилотларининг ташкилий ва интеллектуал ресурслари ва саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва мувофиқлаштириш ишларига қаратилган.

Тадбирда Сирдарё вилоят ҳокими ўринбосари И.Мўминов, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси кенгаши раис ўринбосари Н.Маҳмудов, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари С.Тоғаев ва бошқалар Президентимиз томонидан қабул қилинган, жорий йилнинг 4 мартидаги «2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони ҳамда 2021 йил 3 мартдаги «Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори – Ассоциация ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга чиқишида муҳим аҳамият касб этганини алоҳида таъкидлади.

Ассоциация ўз фаолиятини асосан хотин-қизлар ва ёшлар, ҳуқуқий, экология, иқтисодиёт ва таълим каби йўналишларда амалга ошириб келмоқда. Бугунги кунда республикамизнинг барча ҳудудларида Ассоциациянинг ҳудудий бўлинмалари фаолият юритмоқда. Ҳудудий бўлинмалар, энг аввало, мамлакатни ижтимоий, социал-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалаларини ҳал этишда ННТлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, давлат органлари билан самарали ижтимоий шериклик муносабатларни ривожлантириш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётгани таҳсинга лойиқ.

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий Ассоциацияси ҳудудий бўлинмасининг 2018-2020 йиллар давомида амалга оширган ишлари ҳамда жорий йилдаги устувор вазифалари тўғрисида маълумот берилди.

– Бугунги кунда Сирдарё вилоятида адлия бошқармасидан рўйхатдан ўтган 564 та нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолият юритмоқда, – дейди Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси бош координатори Ш.Мамараҳимов. 

– Ўтган йиллар давомида ҳудудий бўлинма томонидан 60 дан ортиқ турли тадбирлар, давра суҳбатлари, семинарлар, семинар-тренинглар, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари вакиллари билан учрашувлар, мониторинг тадқиқотлари ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

Вилоятда қабул қилинаётган ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларида белгиланган вазифаларни амалга оширишда ННТлар иштирокини кенгайтиришга, уларнинг мурожаатлари билан ишлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Хусусан, фуқароларга ННТларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва Низомларини ишлаб чиқиш тартиб-тамоиллари хусусида, ўтказиладиган тадбирларни адлия органлари билан келишиш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат Фонди томонидан эълон қилинган давлат гранти танловларида иштирок этиш, амалга оширилган лойиҳалар якунлари бўйича ҳисоботларни тайёрлаш ва тақдим этиш масалалари бўйича амалий тавсиялар бериб келинмоқда.

Конференцияда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Конференциянинг якуний қисмида ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий Ассоциациясининг республика ҳисобот-сайлов конференциясига Сирдарё вилоятидан 2 нафар делегат – бир овоздан сайланди.

А.Қаюмов, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА