Янгиликлар
Президент қарорлари ҳаётда ва назоратда
Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти қонун ҳимоясида. Айниқса, кейинги йилларда бандлик ва фаровонлик омили бўлган тизим фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилишга йўналтирилган қонун ва қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилоятида ҳам аниқ манзилли дастурлар ишлаб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳар бир оила — тадбиркор» давлат дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги қарори аҳолининг моддий шароитларини тубдан яхшилашда, турмуш тарзи сифати ва даражасини оширишда муҳим омил бўлди.
Ҳақиқатдан ҳам, «Ҳар бир оила — тадбиркор» давлат дастури аҳолига кенг имкониятлар яратмоқда. Масалан, молия муассасалари томонидан мазкур қарор асосида тадбиркорларга 50 млн. АҚШ доллари эквиваленти миқдорида маблағларни миллий валютада йиллик 5 фоиз ставкада, 3 йил имтиёзли давр билан 7 йил муддатга кредит маблағлари ажратиши кўзда тутилган. Албатта, бу имтиёзлардан Мирзаободлик тадбиркорлар ҳам унумли фойдаланишмоқда. Деҳқонободлик ёш тадбиркор Жаҳонгир Қодиров ўз бизнес лойиҳасини амалга ошириш мақсадида туяқуш парваришлашни йўлга қўйди. Бу лойиҳа тижорат банки томонидан молиялаштирилди.
Чиндан ҳам, “Ҳар бир оила - тадбиркор” давлат дастури халқимизнинг тадбиркорлик иқтидорларини юзага чиқарди. Энг муҳими, оилавий тадбикорлик туфайли хонадон аъзоларининг каттаю-кичиги иш билан банд бўлмоқда. Жаҳонгир Қодиров бугун ўз оилавий тадбиркорлигини йўлга қўйиш билан оила аъзоларининг бандлигини таъминлади, рўзғорга барака кирди. Туяқушлар ҳам алоҳида эътибор талаб қилади, дейди қаҳрамонимиз.
Халқимиз азалдан тадбиркор, ишбилармон. Тикувчилик, касаначилик, чорвачилик, ҳунармандчилик ва бошқа касблар орқали ҳар бир хонадонга даромад, барака кирган. Гулчеҳра Каримова ҳам момомерос тикувчилик касбининг сир-асрорларини пухта эгаллаган. Бу эса тадбиркорга бугун жуда қўл келди. Ўзи каби тикувчиликка ҳавас қилган қиз-жувонларнинг бошини қовуштирган Гулчеҳра шу аснода тикувчилик цехини ташкил этди. Албатта, банкнинг молиявий кўмаги бу борада тадбиркорга таянч бўлди.
Билганга томорқадан яхши даромад йўқ. Ер билан тиллашган инсон уни даромад манбаига айлантиради. Мирзаободда ҳам тажрибали соҳибкорлар талайгина. Айниқса, иссиқхона хўжаликлари фаолияти кенгаймоқдаки, бу томорқа ер эгаларига йилда 2 маротаба ҳосил кўтариш имкониятини яратмоқда. Деҳқонобод маҳалласида 40 та замонавий иссиқхоналар барпо этилди. Ҳар бир томорқачига 2 сотихдан ер тақсимланди, натижада мўжазгина майдонда 80 нафардан зиёд аҳоли иш билан банд бўлди. Иссиқхоналарда карам, бақлажон, булғор қалампири кўчатлари билан бир қаторда лимон ҳам парваришланмоқда.
"Ҳар бир оила - тадбиркор" давлат дастурининг айнан ушбу қишлоқдаги ижроси маданий-маиший хизмат турларини ҳам кенгайтирди. Ҳудудда эркаклар сартарошхонасига эҳтиёж катта эди. Буни ҳисобга олган ёш тадбиркор Анвар Талабаев ўз маиший хизматини йўлга қўйди.
Беш муҳим ташаббуснинг бир йўналиши ёшларнинг компьютер саводхонлигини ошириш мақсадларини мужассам этади. Туманнинг чекка маҳалласида банкнинг 30 миллион сўмлик молиявий кўмаги ёрдамида компьютер хизматлари шаҳобчасини барпо этган ёш тадбиркор Жамшид Султонов 2 нафар тенгдошининг ҳам бандлигини таъминлади.
Таъкидлаш жоизки, мазкур дастур ижросини таъминлашда ҳокимликлар, мутасадди ташкилотлар билан бир қаторда Адлия органлари томонидан ҳам "Ҳар бир оила - тадбиркор" давлат дастурининг тарғиботига қаратилган тушунтириш ва ташвиқот ишлари катта самара бермоқда. Дастур ижроси эса, меҳнаткаш халқимизнинг қадимий касб-ҳунар анъаналари, ишбилармонлик салоҳиятини юзага чиқариб, оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик, томорқачилик орқали даромад манбаларини янада юксалтирмоқда.
Дилноз Умурзоқова,
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи