Янгиликлар
“ЭНГ ФАОЛ БЛОГЕР” танлови ғолиблари тақдирландилар
Мустақил диёримизда Наврўз шукуҳи кезмоқда. Бу қутлуғ айём вилоятимиз ижод аҳлига баҳор нафаси ва таровати билан биргаликда ижод намуналарининг эътироф этилишидек ифтихор туйғуларини бахшида этди.
Хабарингиз бор, март ойининг дастлабки кунларида вилоят адлия бошқармаси томонидан “ЭНГ ФАОЛ БЛОГЕР” танлови эълон қилинган эди. Бугун ғолибларни тақдирлаш мақсадида тадбир ташкил этилди.
Тадбирни вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Ж.Нуритдинов кириш сўзи билан очди ва бошқариб борди.
- Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, фуқаролар ўртасида қонунга бўйсунишни тарғиб қилиш, ушбу соҳадаги мавжуд муаммоларга қарши курашда блогерлар ва жамоатчиликнинг таъсир кучидан оқилона фойдаланиш мазкур танловни ўтказишдан асосий мақсадимиз эди, - деди Ж.Нуритдинов ўз сўзида.
Глобаллашув, ахборот жамияти шаклланаётган бир шароитда мавжуд иллатларни рўйи-рост ифодалаш, муаммоларга холисона ёндашиш, жамоатчилик назоратини амалга оширишда оммавий ахборот воситалари, шунингдек, мамлакатимиз равнақи учун хизмат қилувчи блогерлар фаолиятини қўллаб - қувватлаш давр талабидир.
Ана шу мақсадга йўғрилган “ЭНГ ФАОЛ БЛОГЕР” танловида иштирок этиш истагини билдирган 8 нафар номзодлардан жами 500 га яқин ижодий ишлар қабул қилинди.
Танлов якунларига кўра Музаффар Умаров 1-ўрин, Ҳусан Исоқулов 2-ўрин, Ғулом Примов 3-ўринга муносиб топилди.
Бундан ташқари, Анвар Туйчиев “Ислоҳотлар жараёнини ёритишдаги энг фаол блогер”, Бахтигул Хидиралиева “Аҳоли мурожаатлари билан энг кўп ишлаган блогер”, Ислом Арибжанов “Тезкор ахборот тарқатувчи блогер” номинацияси соҳиби бўлдилар.
Танлов ғолиблари ҳамда иштирокчилари адлия бошқармасининг статуэтка, совға ва дипломлари билан тақдирландилар.
Ғолибларини мукофотлаш маросими шодиёналарга, табриклар ва қутловларга бой бўлди.