Янгиликлар
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
Савол: Иқтисодий судлардан суд ҳужжатларидан нусха олишда давлат божи ундириладими, агар ундирилса ундириш тартиби қандай шу ҳақда ҳуқуқий тушунча берсангиз?
Сайхунобод тумани “Нурли йўл” МФЙ З.Сувонов
Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга асосан суд ҳужжатларининг дубликатларини ҳамда тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосига кўра иқтисодий суд томонидан ишлардан бошқа ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини берганлик учун ҳужжатнинг ҳар бир варағи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизи миқдорида давлат божи тўлаши белгиланган.
Шунингдек, суд архивида сақланаётган ҳужжатлардан кўриб чиқилган иш бўйича тарафлар ёки тарафларнинг қонуний вакиллари судга тақдим қилинган ёки суд томонидан чиқарилган ҳужжатлардан нусха ёки кўчирмалар олиш ҳуқуқига эга.
Хусусан, суд архивида сақланаётган ҳужжатлардан нусха ёки кўчирмалар олиш учун тарафлар ёки тарафларнинг қонуний вакиллари иқтисодий иш кўриб чиқилган суднинг раиси номига ариза ёки илтимоснома билан мурожаат қилади. Ариза ёки илтимосномага шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки тарафнинг номидан архивда сақланаётган ҳужжатлардан нусха ёки кўчирмаларни олиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ишочнома ва давлат божи тўлаганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар илова қилиниши лозим.
Саволга Сайхунобод туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Фарход Сидиков жавоб берди