Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси раҳбарияти сирдарёлик нотариуслар билан учрашди
Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 9 сентябрдаги ПФ-5816-сон “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан Ўзбекистон Нотариал палатаси ташкил этилди ҳамда унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгилаб берилди.
Барча ХАБШ нотариуслар мажбурий равишда, давлат нотариуслари эса ихтиёрий равишда Нотариал палатаси аъзолигига қабул қилиш тартиби белгиланди.
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси раиси Дилшод Ашуров раислигида ҳудудларда семинарлар ташкил этилиб, нотариуслар билан юзма-юз мулоқотлар уюштирилмоқдаки, бу мавжуд муаммоларни ўрганиш ҳамда нотариат соҳасида келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифа ва масалаларни белгилаб олиш имконини бермоқда.
Сирдарё вилоятида ташкил этилган семинар ҳам ана шу жиҳатлари билан аҳамиятли бўлди.
Маълумот ўрнида, Сирдарё вилоятида бугунги кунда 22 нафар хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг барчаси Нотариал палата аъзолигига қабул қилинган.
9 нафар нотариусларнинг касбий тайёргарлиги ва малакаси оширилган бўлса, 2 нафар нотариуслар ЮМОМда медиаторлик ўқув курсларини муваффақиятли тамомлашди.
Шунингдек, тадбирда нотариат соҳасидаги муаммоларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди ҳамда соҳада келгусида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар белгилаб олинди.
Дилноз Умурзоқова,
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи