Янгиликлар
ТАРТИБГА СОЛИШ ТАЪСИРИНИ БАҲОЛАШДАН ЎТКАЗИШ ТИЗИМИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛАДИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 мартдаги “Тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, тартибга солиш таъсирини баҳолаш (ТСТБ)дан ўтказиш тизими такомиллаштирилади.
Бунда:
– норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишда келиб тушган таклиф ва фикр-мулоҳазалар умумлаштирилиб, ТСТБ бўйича ҳисоботга киритилади ҳамда мажбурий тартибда норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи органга тақдим этилади ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинади;
– жамоатчилик муҳокамасидан ўтмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари қабул қилувчи органлар томонидан мажбурий тартибда ишлаб чиқувчиларга қайтарилади.
2022 йил 1 январдан тадбиркорлик фаолиятига, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига, шунингдек, атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ТСТБдан ўтказилади.
Қарор билан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Шунга кўра, давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг мониторинги (ҳуқуқий мониторинг) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ТСТБдан ўтказиш билан бирга амалга оширилади ва унинг натижалари ТСТБдан ўтказишда инобатга олинади.
Фуқаро ва юридик шахслар томонидан ўтказилган тартибга солиш таъсирини муқобил баҳолаш натижалари бўйича тайёрланган хулосалар тегишли давлат органлари томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилади.
Адлия вазирлиги давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг ТСТБ соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради.
Бир сўз билан айтганда, мазкур қарор мамлакатимизда норма ижодкорлиги фаолиятининг сифатини ошириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишга жамоатчиликни кенг жалб қилган ҳолда чуқур ўйланган ҳамда ҳисоб-китоб қилинган қарорлар қабул қилиш имконини берувчи янги инновацион “ақлли тартибга солиш” усулларини жорий этишда мустаҳкам ҳуқуқий асосдир.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими